Ким давлат божи тўламайди?

– Корхонага шартнома асосида ишга кирганман. Иш ҳақимни ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига мурожаат қилмоқчиман. Атингчи мурожаат учун давлат божи тўланадими?

Шавкат КЎЧИБОЕВ, Ургут тумани.

– Шу пайтгача бу борада судга мурожаат қилган фуқаро давлат божи тўлар эди. Шу йил 9 январда Ўзбекистон Республикасининг “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун асосида 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–136-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Солиқ кодексининг 329-моддасида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилган шахсларнинг давлат божини тўлашдан озод қилингани тўлиқ келтирилган. Шунга кўра, жорий йилнинг 10 январидан бошлаб, даъвогар – иш ҳақини ундириб олиш тўғрисидаги даъволари ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблари учун давлат божи тўламайди.

Саволга фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди

судья катта ёрдамчиси Шержаҳон Зайниддинов жавоб берди.