Кўзимиз қачон очилади ёхуд эски муаммонинг янгича шарҳи

Ушбу мақолани ўқиб «оббо, яна тўй мавзусими, ёзилавериб, гапирилавериб меъдага тегди-ку» деган фикр хаёлингиздан ўтиши аниқ. Ҳақиқатан тўйни ихчам, кам харажат қилиб ўтказиш масаласи умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, давлат сиёсати даражасигача етиб борди. Аммо бундан кутилган натижа чиқмади. Дабдабали, кимўзарига қилинаётган тўйлар кўпайса кўпайдики, камаймаяпти.

Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Одамларнинг маънавияти, маданияти пастми? Ундай дейдиган бўлсак, ҳозир ким билан суҳбатлашманг, сизга ўзини бу борада ҳар қандай кишини бир чўқишда қочирадиган билимдон қилиб кўрсатади. Тўқликка шўхлик, шуҳратпарастлик дейсизми? Бу гапда жон бор. Айнан тўқчилик, фаровон ҳаёт, топиш-тутиш учун яратилаётган имкониятлар айрим кимсаларни, очиғини айтсак, эл назаридаги баъзи «катталар»ни бир тўй қилиб ўзини кўрсатиб қўйишга ундаяпти. Ориятли, қайсар, ўзимизни кўз-кўз қилишни яхши кўрадиган халқмиз. Рўзғоримиз қўл учида ўтиб турган бўлса-да, тўй қилишга келганда «бош ёрилса, дўппи тагида», ўша бойваччаларникидан кам бўлмасин, деймиз.

Тўй - ижтимоий ҳодиса, миллий урф-одатларимизнинг ажралмас қисми. Шахснинг жамиятдаги мавқеи оиласи, фарзандлари билан белгиланади. Фарзанд деб, уни бахтли қилай деб ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Ва буни данғиллама тўй қилиш деб биламиз. Фарзандимиз китоб, компьютер олиб беринг, тўгаракка бораман деса, «Тўхта болам, тўйни ўтказиб олайлик», деймиз. Тўй ўтгач эса «Сабр қил болам, кечагина тўйдан чиқдик, ҳеч вақо қолмади», деб юпатамиз.

Тўйларнинг халқимизга етказаётган моддий зарари, маънавиятимиз, ёшлар тарбияси бузилишига олиб келаётганига сабаблар кўп. Улардан бири (опа-сингиллар, онахонлар мени кечиришсин) айрим оғзи катта аёлларнинг «Ҳо, биттаю битта ўғил ёки қизимнинг тўйини юзта одам билан садақа қилгандай ўтказаманми, фалончидан мени қаерим кам, йўқ, етти иқлимга донг таратмаса бекор», деб ўжарлик қилишларидир. Оилада ўзимизни бошлиқ деб биладиган биз, эркаклар ана шу масалага келганда уларни инсофга чақиришга ожизлик қилиб қолишимиз ҳам бор гап.

Тўйларни ҳаддан ташқари катталашиб бораётганига яна бир сабаб, бизнингча, миллатимизнинг ўзига хос қариндош-уруғчилик, ўзаро меҳр-оқибатлилиги ҳамдир. Тўйга айтилмай қолган қариндош бир умр гина қилиб ўтади.

- Ўғлимизни уйлантиряпмиз, - дейди дўстим хўрсиниб. – Аммо ихчамлаштиришнинг ҳеч иложи бўлмаяпти. Хотиним билан таклиф қилинадиган меҳмонларнинг рўйхатини тузиб чиқдик. Қандай ҳисобламайлик 800-1000 кишидан ошиб кетаяпти. Бири тоға, бири жиян, бири қуда, бири ҳолавача.

Бунинг устига ҳали тўйга бориш ва унда ўтириш маданиятимиз замонавий эмас назаримда. Таклиф қилинганларга қўшилиб таклиф этилмаган куёв жўра, синфдош, дугона ва бола-бақрасини эргаштириб келадиган аёлларга нима, дейсиз? Тўй эмас, шовқин-сурон, одам-одамни танимайдиган «телба даврага» айланиб қолаяпти.

Тўғри, тўй - асрлар давомида миллий қадриятларимиздан бирига айланган. Уни тўхтатиб ҳам, ман қилиб ҳам бўлмайди. Лекин одамлар ҳавас қиладиган ихчам, бир умр қоладиган ширингина ўтказиш мумкин-ку!

…Қишлоғимизда меҳнаткаш бир йигит ўғлининг суннат тўйини ўтказди. Халқ тилида айтганда «дальнобойщик». Уч кун тўй берди: биринчи куни кўпкари! Катта-кичик совринларнинг ўзига ўнлаб қўй-эчки, танадан ташқари, юз миллион сўмдан зиёд нақд харажат қилибди. Иккинчи куни – кураш. Учинчи куни – базм. Хуллас, қорли қировли кунларда минг машаққат билан узоқ ўлкаларга юк ташиб топган икки-уч йиллик даромади уч кунда соврилди. Данғиллама тўй овозаси уч кундан кейин одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди.

– Тўйни эл қатори наҳор оши, хўп майли, кураш ёки кўпкари билан бир кунлик қилиб ўтказайлик деб маслаҳат бердик, - дейди акаси куйиниб. - Йўқ кўнмади… «Тўйни мен қилаяпман, пул кетса меники, сизлардан сўраётганим йўқ», деб туриб олди.

- Яқинда телевизорда никоҳ тўйни кўрсатишди (аслида тўйларни дабдабали бўлиб кетаётганига қош қўяман деб кўз чиқараётган айрим телекўрсатувлар ҳам сабаб бўляпти). Кўрсатувда қиз томонни куёв томонга кийим-кечак, идиш-товоқ, мебель, машина, ҳатто квартирагача «сеп» қилиб бераётган янгича одат ҳақида гап борди. Бу одат ҳадемай бизга ҳам етиб келади, - деди ёнимда ўтирган дўстим. – Аслида дабдабали тўйларни пойтахт ва шаҳарда яшовчи катта-катта лавозимда ишлайдиган, босар-тусарини билмай қолган айрим бойваччалар бошлаб беришяпти.

Хўш, нима қилиш керак? Бу ҳолга ҳамма кўз юмиб, бепарво қараб туриши керакми? Тўғри, буйруқ билан, дўқ-пўписа, танбеҳ билан, борингки жарима билан тўйларни тартибга солиб бўлмайди. Бунинг учун одамларнинг ақл-фаросатини юксалтириш лозим. Тўй қилиш ҳар кимнинг ўз хоҳиши. Шундай экан, «кўрпангга қараб оёқ узат», деган гап бор. Тўй олдидан қуда-андаларнинг ёш оила учун зарур кийим-кечак, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ, мебель, бошқа уй-рўзғор жиҳозларини биргаликда ҳисоб-китоб қилиб, ўзаро келишиб олишлари учун ўткир ақл, катта матонат талаб қилинади. Эсимда, ўтган асрнинг 60-йилларида тўйдан олдин қариндош-уруғ йиғилиб маслаҳатлашиб олишарди. Ҳозир ҳамма ўз билганича иш кўряпти.

Аммо негадир ўзини замонавий, маданиятли, зиёли кишиман деб ҳисобловчилар бу масалага келганда, келин-куёвни бахтли бўлиб кетишларини эмас, кўпроқ хонадонларни банд қилиб, чанг босиб ётадиган аллақандай хорижий мебеллар, бир марта кийилиб ёки кийилмайдиган сўнгги урфдаги қўша-қўша қимматбаҳо кийимлар, тилла тақинчоқлар ҳақида қайғуришади. Яна харажатини ё куёв, ё келин томон зиммасига юклашга уринишади. Оқибатда кўп ҳолларда ҳали тўй бўлмасдан олдин қуда-андачиликка дарз кетади. Ёки бўлмаса, бир йил икки йил ўтмай, кимнинг ҳақи кимга кетгани ҳақида можаро чиқиб, ёш оила бузилади. Фарзанд туғилган бўлса, тирик етим бўлиб қолади.

…Вилоят миқёсида катта ташкилотда бошлиқ бўлиб ишлайдиган синфдош дўстим набирасининг суннат тўйига таклиф қилганди, бордим. Ортиқча карнай-сурнай, дабдаба йўқ. Таклиф қилинган меҳмонлар яйраб суҳбатлашиб, дийдорлашиб кетишяпти. Кроватда санъаткорлар микрофонсиз, бошловчисиз мумтоз қўшиқлар ижро этишяпти. Ҳайрон бўлганимни сезган дўстим изоҳ берди: тўйни камтаргина қилиб ўтказишни лозим кўрдик. Тартибли, мазмунли бўларкан…

Дўстимнинг камтарлигига ҳавасим келди. Ваҳоланки ўнта данғиллама тўй қилса кучи етарди. Қани энди бошқа раҳбарлар ҳам шундай ўрнак кўрсатишса, тўйларимиз қандай чиройли бўлар экан-а, деган хаёл ўтди кўнглимдан.

Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романидаги бир лавҳа ёдимга тушди. Мирзакаримбой Тошкентнинг донғи кетган бойларидан, мол-дунёсининг ҳисоби йўқ. Шунга қарамасдан, ҳеч қачон бойлигини кўз-кўз қилмайди. Ақл-фаросат билан иш кўради. Қизи Нурини куёвга узатаётганда хотини бойдан нечта извош қўшсак экан, деб сўрайди. Бой эса «Ҳеч қанақа извош керак эмас, эл қатори оддий Қўқон аравада кетаверади» деб жавоб беради.

Хулоса шуки, пул топиб, ақл топмаётган айрим кимсалар элга дастурхон ёзиб муқаддас удумимиз тўйни ўтказаётганда, «Диндан чиқсанг ҳам, элдан чиқма» деган нақлнинг маъносини бир ўйлаб кўрсалар яхши бўларди.

Тоғаймурод Шомуродов.