Кунгабоқар «инқироз»и: Украинадаги зиддият жаҳонда бу маҳсулот таъминотига жиддий зарба бермоқда
Дунёда ишлаб чиқариладиган кунгабоқар мойининг ярмидан кўпи Украина ва Россияда етиштириладиган кунгабоқарга боғлиқ.
Ҳозирги можаро ушбу хом ашё етказиб беришга жиддий зарба берди. Ўсимлик мойи ҳозирда нархи сезиларли даражада ошган турли хил таомларни тайёрлашда зарур бўлган энг муҳим ингредиентлардан биридир.
Лондон ресторанларидан бирининг эгаси Аниса Хон шундай дейди:
– Мой нархининг ошиши билан бизнинг харажатларимиз сезиларли даражада кўтарилди. Пазандачиликнинг асоси, биринчи навбатда, бу — мойдир. Нархлар кўтарилди, агар аввал 20 литр учун 20 фунт тўлаган бўлсак, ҳозир тахминан 60 фунт тўлашимиз керак, - дейди ресторан эгаси.
Дефицит бошқа барча ўсимлик – соя, пальма, рапсли мойлар нархига ҳам таъсир кўрсатиб, улар рекорд даражага етди.
- Бу Украинадаги урушдан анча олдин бошланган, - деб тушунтиради Interactive Investor сармоя бўлими раҳбари Виктория Школлар. - Пандемиядан кейинги даврда талаб ортди, таъминот занжири узилиб қолди ва экстремал об-ҳаво вазиятни янада мураккаблаштирди. Ҳозир эса Украинадаги уруш туфайли хом ашё нархи янада ошди ва бу дунёнинг барча мамлакатларида сезилади.
Бу орада экспортга мўлжалланган миллионлаб тонна кунгабоқар мойи Украинада «қотиб қолган» ва можаро тугамагунча уни етказиб бўлмайди.
- Бизда кейинги бир неча ҳафтага етадиган оз миқдордаги кунгабоқар бор, - дейди озиқ-овқат импорти бошлиғи Гари Люис. - Муаммо шундаки, зиддият қанча давом этишини билмаймиз. Дефицит келгуси йилда ҳам давом этиши мумкин, бу кейинги икки ой ичидаги вазиятга боғлиқ.
Кунгабоқар мойи ишлаб чиқарувчилар айни пайтда бошқа мамлакатлар, хусусан, Руминияда кунгабоқар етиштиришга умид боғлашмоқда. Ёз охиригача кунгабоқар уруғини экспорт қилиш тақиқланган Россияда, маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, унинг нархи бироз пасайган.