"Квазарлар ови" ёхуд ўн уч миллиард йилда Ерга етиб келган ёруғлик
Калифорния (АҚШ) технология институти астрофизиклари "квазарларни овлаш"нинг навбатдаги босқичида яна бир квазарни аниқладилар, деб ёзади "НЛО" журнали ўзининг 2002 йил, 16-сонида.
Квазарлар - энг олис космик объектлардан, уларни фақат қудратли телескоплар орқалигина кўриш мумкин. Улардан айримлари биздан ўн беш миллиард ёруғлик йили нарида ва ҳозирда фанга мингта квазарлар маълум. Янги кашф қилинган объект Ердан шунчалик олисдаки, тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
Квазарлар - ноёб, ақл бовар қилмас нисбатан кичик космик объектлардир. Улар бизнинг коинот шаклланиши тонгида пайдо бўлган ва эҳтимол атрофидаги моддаларни ютиб юборувчи улкан қора туйнукни намоён қилади. Агар квазарлардан бири Қуёш системасига тенг ҳажмгача сиқилса, у улкан миқдорда - бизнинг бутун галактикамизникидан ўн минг марта кўп энергия нурлантиради. Квазарлар ёруғлиги шунчалик кучлики, агар осмондаги юлдузлар масофасида жойлаштирилса худди Қуёшдек ёрқин нур сочган бўларди ва Қуёшимиз унинг олдида хира юлдуздек бўлиб қоларди.
- Бунчалик олисдаги квазарни аниқлаш эҳтимоли шунчалик камки, бизнинг омадимиз келди, - дейди доктор Штерн. - Агар квазарни "қизил кўчиши" - коинотнинг кенгайишидан объектни зудлик билан биздан қочиши рўй бермаганида уни сезмасдик ҳам. Чунки объект қанча узоқлашса, унинг ёруғлик тўлқини шунчалик узаяди. Яъни, унинг нурланиши кўчиши спекторнинг қизил томонига қараб ортиб боради. Бундай кўчиш қанча кўп бўлса, объектгача масофа шунча узаяверади. Биз аниқлаган квазардан ёруғлик тўлқини Ерга ўн уч миллиард йилда етиб келган. Бу шуни билдирадики, у ҳали бизнинг Коинот гўдаклигида ҳам мавжуд бўлган!
Квазарларни ўрганаётган олимлар коинот қачон, қандай қилиб, бир массадан галактикаларга парчаланиб кетган ва бугунги кўринишни олган деган муҳим саволга жавоб топишдан умидворлар. Калифорния технология институти олимлари кашфиёти катта портлашдан кейин қаерда ва қандай қилиб супермассив қора туйнук ва квазарлар ҳамда бошқа объектлар ҳосил бўлганини тушунишга имкон беради.
Олис галактикалардан кўра квазарларнинг бизга ёрқин кўриниши коинотда квазарлар ва бизнинг ўртамизда узоқ вақт оралиғи яратилганини билишга имкон берди.
Яқинда Канар оролларида ўрнатилган Ньютон номидаги 2,5 метрлик телескоп ёрдамида яна бир квазар аниқланди. Унинг ёруғлиги Штерн гуруҳи аниқлаган квазарникидан ўн марта кучлироқдир. Ҳозирча у ҳақда бошқа маълумотлар маълум эмас. Негаки квазарлар табиати ҳозиргача охиригача ўрганилмаган. Яқин келажакда ушбу объектлар илм-фан оламида жуда кўп катта илмий шов-шувларга сабаб бўлса ажабмас.
Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.