Лев Толстой ислом динини қабул қилганми?

“Ҳар қандай ақлли инсоннинг якуний тўхтами исломдир”. Ёзувчи Лев Толстой мазкур иборани қўллагани ҳақида кўплаб интернет нашрларида ёзилди. Кейин бу адибнинг мусулмон бўлганлиги тўғрисида фаразлар пайдо бўлди. Бироқ айнан шу иборанинг муаллифи Толстой эканлиги исботини топмади.

Аммо ушбу жумланинг пайдо бўлиши ҳам асоссиз эмаслигини тан олиш керак. Ҳақиқатда Лев Николаевичнинг исломга муносабати ўзгача эди. У бошқа рус классикларидан (XIX аср рус адиблари) фарқли мусулмон аҳли билан яқин алоқалар ўрнатганди.

13 ёшида ёш Толстой опаси билан Қозонга, холасининг уйига кўчиб келади. Ўша ерда унинг мусулмонлар билан дастлабки муносабатлари ўрнатилади. Бир неча йилдан сўнг у таълим олиш учун маҳаллий университетнинг Шарқий тиллар бўлимини танлайди. Бироз вақт ўтгач, таълимини юридик факультетига кўчиради. Шунингдек, мусулмон маданияти билан яқиндан танишади, туркий ва араб тилларини ўрганади.

XIX аср ўрталарида Толстой акаси билан Кавказга боради ва у ерда 3 йил яшайди. Бу вақт оралиғида у ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади, шу билан бирга кавказ мусулмонларининг турмуш тарзини, урф-одатларини ўрганади. Имом Шамиль ва Ҳожи Мурод билан танишади. Кейинчалик Толстойнинг Кавказдаги таассуротлари асосида “Казаки” ва “Хаджи – Мурат” ҳикоялари ёзилади.

Анри Труайянинг “Лев Толстой” китобида ёзувчининг рус-турк уруши вақтида фарзандлари билан турк ҳарбий асирларининг олдига, Тулага борганлиги тасвирланган. Муаллифнинг ёзишича, ҳар бир асирнинг қўлида муқаддаси Қуръон китоби борлиги Толстойни ҳайратда қолдирган.

Лев Николаевич ўзининг мусулмон дўстларини бутун умр ёдида сақлаганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Мисол учун, Толстой ўзини қимор “ботқоғи”дан қутқариб олган чечен Садо Мисербиев ҳақида тез-тез хотирларди. Яъни, қиморда катта миқдордаги пулга мағлуб бўлган ёш Толстойга Садо ёрдам беради. У Толстойнинг пулларини қиморда ютиб, қайтариб беради.

Адиб исломга шунчаки қизиқиш билдирмаган, у ислом дини вакиллари билан яқиндан алоқада бўлган. Улардан бири Муҳаммад Абду билан хат орқали фикр алмашган. Миср муфтийси Муҳаммад Абду Толстойга унинг кўплаб ғоялари мамлакати фуқаролари онгига ижобий таъсир ўтказаётганлигини таъкидлаб хат ёзган.

Толстой ҳар доим ўша давр рус жамияти учун бегона, ноодатий фикрлари ва қарашлари билан ажралиб турган. У шундай ёзади: “Дунё барча соҳада Масиҳ (Христос) таълимотига тескари ҳаёт тарзини ўрнатди. Черков эса ёт қарашларни ўйлаб топди. Унга кўра, Масиҳ қонунларига тескари яшаган инсонлар у билан ҳамжиҳатликда яшамоқдалар”.

Бундай танқидий фикрлар туфайли Толстойни черковдан маҳрум қилишди. Эҳтимол, айнан шу воқеа ёзувчининг православ таълимотларидан ўзга йўл ахтаришига ва бошқа диндан тасалли излашига сабаб бўлгандир.

Шуниси қизиқки, мусулмон эркак билан никоҳда бўлган рус аёли Толстойдан ўғиллари ислом динини қабул қилмоқчи бўлаётганлиги тўғрисида маслаҳат сўраганда, у шундай жавоб берган: “... Христианлик динини ва таълимотини унинг асл маъносида юқори қўйувчи мен учун буни айтиш қанчалик ажабланарли бўлишига қарамасдан, мен учун Муҳаммад (с.а.в.) таълимоти ўзининг ҳозирги шаклида черков православиясидан устун эканлигига шубҳа йўқ...”.

Гарчи, Толстойда бундай фикрлар кўп бўлган бўлса-да, у ислом динини расман ва ошкора қабул қилмади. Юсуф Тунчбилек ўзининг “Толстой мусулмон бўлганми?” номли мақоласида, шундай дейди: “У бизнинг динимизга нисбатан ҳеч қандай қизиқишда бўлмаган, деб тасаввур қиладиган тақдиримизда ҳам унинг ўй-фикрларида ва сўфийларникидек ҳаёт тарзида мусулмонлар ундан ўрганса арзийдиган кўплаб мисоллар мавжуд”.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.