Маданият вазирлиги ИИВ ходимларидан узр сўраган ижодкорлар ҳақида баёнот берди

Ижтимоий тармоқда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати томонидан "Ҳазилнинг таги "зил" бўлмасин" деб номланган видео тарқалди.

Унда "Шўрданак" ва “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳларининг ИИВ ходимлари ҳақида қилинган юмористик роликлари учун кечирим сўрагани акс этгани оммалашмоқда. Шу билан бирга маданият вазирига ҳам фейсбук ижтимоий тармоғи орқали “Сўз усталари худди ёмон иш қилиб қўйгандек, бошини хам қилиб узр сўраяпти. Агар кимнингдир шахсиятига тегишган бўлса, ИИВ судга берсин. Улар ўз ишини қилган! Юмор қилди, кулдирди. Энди, врачлар, ўқитувчилар, тракторчилар чиқадими, "биз ҳақимизда аския қилманг", деб. Вазирлик комиссия тузиб ўргансин. Ахир ҳар икки саҳна асари бадиий тўқимаку? Хулосасини ИИВга берсин! Маданият вазиридан жўяли жавоб кутамиз” каби мурожаатлар Маданият вазирига очиқ йўлланди.

Маданият вазирлиги вазият юзасидан "Шўрданак" ҳажвия гуруҳининг вакили билан суҳбатда бўлганида, бу масала юзасидан фикр билдиришни улар истамади.

Шу билан бирга, Маданият вазирлиги ҳажвия, сатира, аския борасида санъат ва ижодни чегараламасликни маъқуллайди. Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, унинг ҳал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди. Шундай экан, унда нима учун бу ҳазиллар ўринли қабул қилинмайди, деган саволлар ҳам йўқ эмас.

Агар ҳажвия бирон бир шахсга тегишли бўлиб, унинг камситилишига қаратилган бўлса, Маданият вазирлиги бундай ижодларни қўллаб-қувватламайди. Зеро, хоҳ ҳажвия, хоҳ драма, аския ҳамда сатира орқали жамиятдаги иллатларни даъволашга қаратилган мавзулар ёки воқеалар намоён этилса, уни ҳеч нарса билан йўқ қилиб бўлмайди.

Тарихга бир назар солсак, ўзбек ҳажвий адабиёти сермазмун тарихга эга. Ҳажв, сатира-воқеликни акс эттиришнинг алоҳида ғоявий-бадиий принципи сифатида барча цивилизациялашган халқлар адабиёти, шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам оғзаки ва ёзма ижодларида қадимдан катта ўрин олиб келган. Ижтимоий иллатларнинг кулгили танқиди бўлган сатира ўзбек халқ ижодида ҳам кенг тарқалган эди. Насриддин афанди, Алдар кўса каби тўқима образлар ҳажвий, миллий қаҳрамонлар ўз замонасининг иллатларини халқ орасида аскиялар ва ҳажвиялар билан намойиш этишган. Қадимдан халқнинг ичида ҳажвия, сатира, аския каби юмористик ижодлар кенг тарқалиб, оммалашган.

Хуллас, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди, дейилган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизмати баёнотида.