Маҳалла кунида Наврўз шодиёналари
Самарқанд шаҳар Қуйи хўжа саҳат маҳалла марказида Наврўз байрамига бағишланган “Маҳалла куни” сайли ўтказилди.
Юқори хўжа саҳат, Ўрта хўжа саҳат ва Қуйи хўжа саҳат маҳаллалари аҳолиси иштирок этган тадбирда Наврўзга хос анъана ва урф-одатлар, баҳор таомлари, миллий спорт ўйинлари намойиш этилди. Самарқанд ҳарбий горнизони оркестри, 71 ва 72-умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳамда “Регистон юлдузи” ва “Олтин болалигим” хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг саҳна чиқишлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, Самарқанд шаҳар 3-сонли мусиқа мактаби «Зарб Самарқанд» доирачилар ансамблининг дастури байрам иштирокчиларига манзур бўлди.
Маҳалла марказидаги спорт залида миллий кураш, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича маҳаллалараро мусобақалар ўтказилиб, ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.
Байрам тадбирида Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов ва бошқалар маҳаллалар аҳлини Наврўз байрами билан табриклади.
Турли номинациялар бўйича ўтказилган танловлар ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.