Маҳалла ёшлари мактаб спорт залига нега киритилмаяпти?
“Ўқувчилар таътилга чиққач, мактаб спорт залини таъмирладик. Энди янги ўқув йили бошланмагунча залга ҳеч кимни киритмайман”. Бу гап мактаб директори томонидан айтилган.
Яқинда таҳририятимизга ўнга яқин маҳалла раиси уюшмаган ёшлар мактаб спорт залига киритмаётганлиги юзасидан мурожаат қилди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида маҳаллалардан бирига бордик.
Маълум бўлишича, маҳаллада спорт майдончаси йўқ. Шу боис маҳалла ёшлари мактабнинг спорт залидан фойдаланяпти.
– Дарсдан кейин мактаб спорт зали доим маҳалла ёшлари ихтиёрида эди, - дейди мактаб директори. – Уларга мактабимизнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳам бириктирилиб, йил бошидан буён спорт мусобақалари, турли кўрик-танловлар ўтказилди. Натижада, яқинда таъмирланган спорт залнинг пол қисми, деворлари яна таъмирталаб, жиҳозлар эса яроқсиз ҳолга келиб қолди. Зални таъмирлаш ва спорт анжомлари сотиб олишга келганда эса маҳалла раиси бу масалада ҳеч қандай ёрдам бера олмаслиги ва бу бўйича ҳеч қаерда ёзилмаганини рўкач қилди. Шундан сўнг спорт зални ўзимиз таъмирладик. Энди янги ўқув йили бошланмагунча залга ҳеч кимни киритмайман.
Бу ерда мактаб директорига ҳам, маҳалла раисига ҳам эътирозимиз йўқ. Чунки муаммонинг асосий сабаби бошқа.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2020 йил 14 декабрда вилоят Халқ таълими, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан “Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларининг спорт, фаоллар залларида маҳаллардаги ёшларнинг санъат ва спорт билан мунтазам шуғулланишиларини таъминлаш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган.
Унга кўра, ҳудудлардаги касб-ҳунар ва таълим муассасаларининг спорт ҳамда фаоллар залларини маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ихтиёрига ўтказиш ва маҳалла ёшларининг соат 16:00 дан кеч соат 23:00 гача беминнат фойдалинишини таъминлаш, шунингдек, аҳоли ва ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақалари ташкил қилиниши белгиланган. Аммо бошқармалар томонидан қабул қилинган қўшма қарорда маҳалла ёшлари фойдаланган спорт ва фаоллар залларини таъмирлаш ҳамда етказилган зарарни тегишли тартибда қоплаш тўғрисида ҳеч қандай банд киритилмаган. Шунинг учун ҳам маҳалла ва мактаб ўртасида келишмовчилик келиб чиқяпти. Ўртада эса ёшлар сарсон.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида оммавий спорт мусобақалари ва турли кўрик-танловлар ўтказиш анъанага айланди. Шу боис юқоридаги каби муаммоларга барҳам бериш керак. Бунинг учун, аввало, тегишли бошқармалар томонидан қабул қилинган қарорда фойдаланилган иншоотларни келишилган ҳолда таъмирлаш чорасини кўриш ёки ҳокимликлар томонидан тегишли қарор қабул қилиниши лозим.
Ўйлаймизки, бу ҳолат мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди.
Фазлиддин Рўзибоев.