Мактабдор бўлиш мартабаси
Самарқанд давлат университетининг шуҳратини оламга танитган инсонлар кўп бўлган ва ҳозир ҳам бор. Бу қутлуғ даргоҳнинг кейинги юз йиллик тарихида ана шундай инсонлардан бири, профессор Мавлон Жўрақулов бўлганлигини фахр туйғуси билан айта оламиз. Чунки устознинг бутун умри, кечирган ҳаёти, амалга оширган эзгу ишлари университет билан боғлиқ бўлди.
Нуротанинг узоқ бир қишлоғидан илм истагида Самарқанд сари интилган устозга тақдир университет эшигини очди. Замонасининг дорилфунуни бўлган бу қутлуғ даргоҳ унга тарих илмидан сабоқ, ризқ, олий рутба – инсонийлик мартабасини берди. Унга содиқ бўлган шогирд ҳам бутун умрини университет учун бахшида этди. Устозни таниган, билган, илмидан, яхшилигидан баҳра олган ҳар бир инсон бу ёзганларимиз айни ҳақиқат эканлигини тасдиқлайди.
Устоз олий даргоҳда бир инсоннинг қўлидан келиши мумкин бўлган барча ишни қилди. Оддий ассистентликда иш бошлаб, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири, факультет декани, проректор, ректор лозимларида ишлади ва унинг барчасини шараф билан уддалади. Ўзининг раҳбарлик салоҳияти билан университет тарихида сезиларли из қолдирди. Таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш, университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳисса қўшди. Олий таълимни бошқаришда ўзига хос раҳбарлик мактабини яратди.
Устознинг ректорлик фаолиятидаги бир ҳолатни кўпчилик яхши эслайди. Домла ишга барвақт келар, 9 қаватлик бинонинг олдида қўйилган каравотга келиб ўтирарди. Бу ер ўзига хос халқ қабулхонаси эди. Ходимларни ҳам, муаммо билан келувчиларни ҳам ўша ерда қабул қиларди, вазифаларни ҳам ўша ерда тақсимларди. Ҳамма бунга ўрганганди. Соат 9 ларда кабинетига келиб, асосий ишини бошларди…
Устоз университетда ўтган умри давомида ҳеч кимникига ўхшамаган яхшилик мактабини яратди. Илм йўлида у кишидаги чидамни, дарс бериш усулларини, раҳбарлик санъатини эгаллаган шогирдлар кўпчиликмиз. Яхшилик кўрганларининг эса сон-саноғи йўқ.
Домланинг инсонпарварлик хислатларини эслар эканмиз, беихтиёр ўтган асрнинг 70-йиллари ёдимизга келади. Ўша пайтлари мазкур ёдноманинг муаллифларидан бири сифатида (Беҳзод Тўрақулов) Москвада Тарих илмий тадқиқот институтида таҳсил олганман. Мавлон Жўрақуловичнинг малака оширишга ёки хизмат сафари билан Москвага 3-4 марта келганларини эслаймиз. Ҳар келганларида ҳолимиздан албатта, хабар олар, ресторанларга олиб чиқиб, қорнимизни тўйғазар, яна 50 сўмгача пул ҳам бериб кетарди. Бу пулнинг қадрини кўрсатиш учун таққослаш мумкин. Ўшанда 1 АҚШ доллари 67 тийинга тўғри келарди. Ёки бир ойлик аспирантлик стипендиямиз 125 сўм бўларди ва бу пул самолёт билан Самарқандга бир маротаба бориб келишга етарди.
Устоз Ўзбекистон тарихи илмида археолог олим сифатида танилди. Унинг нега айнан ана шу соҳани танлагани ҳақида ўйлаганингизда ҳайратга тушасиз. Зукколиги ва узоқни кўра билган тадқиқотчи бўлганига қойил қоласиз. Жаҳон тамаддунида ўз ўрни бўлган Ўрта Осиё, унинг, шубҳасиз, юраги саналадиган Самарқанднинг қадимий маданияти ҳамон дунё маърифатпарвар аҳлининг диққатини тортиб келаётганини кўриб турганингиздан кейин устознинг донишманд бир инсон бўлганига имкон келтирасиз.
Зарафшон воҳаси археологияси билан шуғулланган олим номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёзди, соҳа тадқиқига оид ўнлаб монография, дарслик ва қўлланмалар эълон қилди. Ўзига устоз ва ҳамкасб ҳисоблаган машҳур археологлар – В.М.Массон, В.А.Шишкин, Давид Лев, Яҳё Ғуломов, Аҳмадали Асқаров, Ўткир Исломов сингари олимлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Пайти келиб ўзи ҳам Самарқандда археологлар мактабини яратди, шогирдлар тарбиялади. Устознинг серқирра ва сермазмун фаолиятини бир сўзга жамлайдиган бўлсак, Самарқанддаги мактабдор олиму мураббийлардан бирига айланди.
Устоз 88 йил умр кўрди. Умрининг охирги кунларига қадар университет ҳақида қайғурди, мавриди келганда ўзининг беминнат маслаҳатларини бериб турди. Улуғларга хос салобат, донишмандлик, босиқлик, фикрда теранлик охирги нафасигача у кишининг доимий ҳамроҳи бўлди.
Бу табаррук инсоннинг сидқидилдан қилган меҳнати зое кетмади. Ватан ҳам, халқ ҳам шунга яраша сийлади. «Шавкатли меҳнати учун», «Меҳнат фахрийси» медаллари, «Олий мактаб аълочиси», «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси», «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим фидойиси» нишонлари, «Мустақиллик» эсдалик нишони ва «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» унвони билан тақдирлагани бу бағри кенг инсонга халқимиз ва унинг биринчи раҳбарининг эътибори, эҳтиромининг далили бўлди.
Устоз бугун орамизда йўқ. Аммо сиймоси бир лаҳза бўлса-да, кўз ўнгимиздан кетган эмас. Панду насиҳатлари ёдимиздан кўтарилмаган. Бу ўгитлар, ҳаёт сабоқлари бундан кейин ҳам биз билан бирга бўлади. Биз бу улуғ зотни фақат эзгу амаллари билан бирга эслаймиз, миннатдорлик туйғуси билан ёдга оламиз. Ҳақларига дуода бўламиз.
Устознинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!
Беҳзод ТЎРАҚУЛОВ,
Суюн КАРИМОВ.