Мерганчадаги «Янги Ўзбекистон»да нима гап?
Президент фармони ижросига кўра, Ургут туманида «Янги Ўзбекистон» массиви қуриляпти.
Яқинда давлатимиз раҳбари мазкур массивларнинг қурилиши сусайиб кетганлиги, аҳоли уй-жойлари ўз вақтида эгаларига топширилмаётганлигини қаттиқ танқид қилган эди.
Жумладан, Ургутдаги Мерганча массивида қад ростлаётган кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик сув ва канализация тармоқларининг ўз вақтида қуриб фойдаланишга топширилмаётганлиги қурилиш жараёнларига салбий таъсирини ўтказмоқда.
Хўш, янги массивда қурилишнинг сустлашишига нима сабаб бўлмоқда? Аҳоли нима учун янги уй-жойларга кўчиб ўтмаяпти?
Массивдан қурилишига туманнинг Камонгарон маҳалласидан қарийб 40 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 4 йил давомида 2916 та хонадонга мўлжалланган 58 та кўп қаватли уй, 2 та мактаб, 4 та болалар боғчаси ҳамда оилавий поликлиника қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш уйи, ўйингоҳ, меҳмонхона, кинотеатр, ЭКО-бозор, IT-парк, ҳаммом ва кимёвий тозалаш цехи, дорихона ва бошқа объектлар қурилиши кўзда тутилган. Ўтган йили 18 та 5 ва 9 қаватли уй ҳамда биттадан мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қурилди.
Янги массивдаги қурилиш ишларининг кечикишига сабаб шу ҳудудда айрим фуқаролар томонидан қурилган 16 та ноқонуний бинолар ўз вақтида бузиб олинмаганлиги бўлди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Ш.Алиқулов. – Айни вақтда қонуний ҳужжатлари бўлмаган уй-жойлар ўз эгалари томонидан бузиб олинди. Шу сабаб аукцион жараёни ҳам икки ойга чўзилиб кетди. Барча қурилиш корхоналари белгиланган ҳудудларда уй-жойлар қурилишини жадал суръатларда давом эттиряпти. Жорий йилда ҳам 908 та хонадонли 9, 12, 16 қаватли 17 та тураржой бинолари қурилиши режалаштирилган. Ҳозирда 2024 йилда қурилиши мўлжалланган яна 22 та қўп қаватли тураржой бинолари учун ер майдонлари аукцион савдо майдончасига жойлаштирилган.
Жумладан, "Bright Future Textile" МЧЖ қурувчилари томонидан 270 хонадонли 5 та кўп қаватли уйнинг барчасида сўнгги таъмирлаш-пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
- Иккита 9 қаватли уйнинг қурилишини аллақачон тугаллаганмиз, бироқ Хитой давлатидан замонавий лифтларни олиб келишда пайдо бўлган муаммолар туфайли ишимиз олдинга силжимай турибди, - дейди мазкур корхона иш бошқарувчиси Нодир Аҳмаджонов. – Лифт ўрнатишни ўз зиммасига олган ташкилотнинг айби билан уйларни ўз эгаларига топшириш муддати ортга суриляпти. Қолган барча ишларимиз ўз вақтида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, «Абдуллаева Гулшан Баҳруллаевна» хусусий корхонаси ҳам 216 хонадонли 4 та кўп қаватли уй қуришни ўз зиммасига олган. Айни вақтда 2 та уйнинг пойдевори учун ҳандақлар қазилиб, фундамент бетон қориш ишлари олиб борилмоқда. Корхона қошида кунига 100 куб бетон аралашмаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик корхона ишлаб турибди.
Массивда яна бошқа қурилиш корхоналарининг 500 нафарга яқин қурувчилари уй-жойлар қурилишини давом эттиришмоқда.
Ўтган йили «Камила» хусусий корхонаси томонидан қурилиши бошланган, лойиҳа қиймати 20,5 миллиард сўм бўлган 1680 ўринли мактаб, «7-сонли МКК» МЧЖ пудратчилигидаги 6,5 миллиард сўм сарфланган 150 ўринли МТМ биносининг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ҳозирда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
- Болалар боғчасида ўрнатилган ичимлик сув ва канализация тармоқларини синовдан ўтказдик, - дейди «7-сонли МКК» иш бошқарувчиси Шуҳрат Нарзуллаев. – Ҳозирда муассасани мунтазам иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида 1,5 тонналик геоколлектор ўрнатилди. Сўнгги бўёқлаш-пардозлаш ишлари якунига етказилмоқда. 80 нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилган болалар боғчаси жорий йилнинг 10 майига қадар фойдаланишга топширилади.
Янги массивда ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортишга ҳам катта аҳамият берилмоқда. Массивдан 11 километр узоқликдаги Ғиштмасжид маҳалласи ҳудудида янги сув оқова тозалаш станцияси қуриш ишлари якунига етказилмоқда. Айни пайтда «Шоҳруҳ Темурбек» МЧЖ ишчилари томонидан бешта сув қудуғи ковлаб ўрнатилди. Минг куб сиғимдаги резервуарлар ўрнатилиб, 12 километр масофага оқова тармоқлари тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа қиймати 26 миллиард сўм бўлган мазкур қурилиш-монтаж ишларининг анча қисми бажариб қўйилди, - дейди корхона иш бошқарувчиси Жамшид Бобонов. – Ўтган йили 7 миллиард сўмлик ишлар бажарилган бўлса, жорий йилда бироз ортда қоляпмиз. Ўтган йили сентябрь ойида ишга туширилиши лозим бўлган лойиҳада ўзгаришлар қилинди. Масалан, режадаги сиғимлар ўрнига диаметри 800 мм. бўлган қувурлар қўйилади. Шунингдек, маблағ ажратиш масаласида ҳам муаммоларга дуч келинди. Ҳозирда барча муаммолар бартараф этилиб, ишимиз давом этмоқда. Қарийб 4 километр масофада қазиш ишлари олиб борилиб, асосий магистраль қувурлари ташланди. Ишни белгиланган муддатларда якунига етказишга ҳаракат қиламиз.
- Аҳолига субсидиялар ажратишдаги муаммолар ҳам қурилишни тез муддатларда тугатишга йўл бермаётган эди, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Аслиддин Обломуродов. – Энди уларни олиш муддати чўзилганлиги сабабли қурилиш ишлари жадаллашмоқда. Ҳозир яна 10 мингга яқин аҳоли субсидия маблағлари орқали янги уй олиш учун тайёрлигини билдиришмоқда.
Президентимизнинг таклифига биноан жорий йилдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган барча кўп қаватли уйларнинг томларига қуёш панеллари ва иссиқ сув тизими, яъни геоколлекторлар ўрнатиладиган бўлди. Бу эса янги уйларга кўчиб ўтадиган аҳолининг электр энергиясидан бўлган муаммоларини бартараф этишга хизмат қилади.
Бугунги кунда «Янги Ўзбекистон» массивида 6 та 12 қаватли, 11 та 5 қаватли уйлардаги аҳоли истиқомат қилмоқда. Жорий йил якунигача яна мингдан зиёд аҳоли барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий хонадонларга кўчиб ўтишади. Бунинг учун «Янги Ўзбекистон» массивида ишлаётган 30 дан зиёд қурилиш корхоналарида имкониятлар етарли.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.