Мурожаатлар билан ишлашда масъулият янада ошиши керак

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсон олтинчи сессияси ўтказилди. Сессияни Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.

Дастлаб депутатлар 2023 йилда вилоятда экспорт ва инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда 2024 йилдаги режалар тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Қайд этилишича, 2023 йилда вилоятда хорижий инвестициялар жалб қилинган лойиҳалар доирасида 632 миллион доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилган. Умумий қиймати 529,1 миллион доллар бўлган 15 та хорижий инвестиция иштирокидаги йирик лойиҳа ишга туширилган ва 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган.

- Вилоятдаги 590 та экспортёр корхона томонидан 650 дан ортиқ турдаги 584 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди, - дейди вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шероз Собиров. - Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан (19,5 миллион доллар) 103,5 фоизни ташкил этди. Ҳозирги кунга келиб, экспортга чиқарилаётган маҳсулотлар тури 660 дан ортди ҳамда экспорт географиясидаги давлатлар сони 61 тага етди.

2024-2026 йилларда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган 64 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Ушбу лойиҳалар доирасида жорий йилда 1,1 миллиард доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Депутатлар вилоятга инвестиция жалб қилиш ва экспортни кенгайтириш бўйича қилинаётган ишлар бугунги кун талаби даражасида эмаслигини билдириб, энди четдан фақат сармоя киритиш эмас, хорижий брендларни олиб келиш, шунингдек, пахта хомашёсини қайта ишлаб, экспорт таркибида калава ип улушини камайтириб, тайёр маҳсулот ва мато ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Шоира Султонова вилоятда аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахборот берди.

Таъкидланишича, 2023 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига вилоятдан 125 мингдан ортиқ мурожаат тушган ва 2022 йилга нисбатан 18 фоизга камайган. Бироқ Пахтачи (9331 та), Пайариқ (11017 та) ва Каттақўрғон шаҳрида (3454 та) мурожаатлар сони ошган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 93511 таси (79,6 фоиз) қаноатлантирилган. Шундан 49524 (42,1 фоиз) таси ижобий ечим топган, 7551 таси кўриб чиқиш жараёнида.

- Таҳлилларимизга кўра, вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаяпти, - деди Ш.Султонова. - Айрим давлат ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланган талаблар лозим даражада бажарилмаганлиги оқибатида бу кўрсаткичларнинг салмоғи камайиш ўрнига ошиб боряпти. Шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган ҳолатлар кўпайган.

Депутатлар мурожаатларда келтирилган муаммоларни ҳал этиш борасида мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ҳамда уларни навбатдаги сессияларда муҳокама қилиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи С.Жабборовнинг Президентимизнинг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан ҳисоботи ҳамда вилоятда 2025 йилда давлат тиббий суғурта тизимини жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.

Сессияда “Вилоят ҳокимининг 2024 йил 10 февралдаги «Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қарорини тасдиқлаш, Жомбой туманидаги айрим аҳоли пунктларини номлаш, вилоятда 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тасдиқлаш, иссиқлик билан таъминловчи корхоналар томонидан Самарқанд шаҳри ва Нуробод туманидаги юридик ташкилотларга кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) миқдорини маъқуллаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.