Мутолаа: Автомобиль кутиб турганда...

О. Генри

Қоронғу тушиши билан паркнинг бу сокин бурчагига оддийгина кулранг кўйлак кийган қиз яна келди. У ўриндиққа ўтирди ва ҳали чамаси ярим соатлар кундуз ёруғлигида ўқиш мумкинлиги боис китобни очди.

Такрорлаймиз: у шунчаки бичими ва услубининг бенуқсонлиги кўзга ташланмайдиган одмигина кулранг кўйлак кийган эди. Салласимон шляпасининг сийрак тўр пардаси сипо юзига тушиб турарди. Қиз бу ерга кеча ҳам, бир кун олдин ҳам бир вақтнинг ўзида келар ва буни биладиган бир кимса бўларди.

Буни билган йигит бу арзанданинг раҳм-шафқатидан умидвор бўлиб, бахтли тасодиф қурбонгоҳида қурбонликлар келтириб айланиб юрарди. Унинг тақвоси тақдирланди – қиз саҳифани ағдариб очаёзганди, китоб унинг қўлидан сирғалиб тушди ва ўриндиқдан икки қадамча нарига учиб кетди.

Йигит бир сонияни ҳам бой бермасдан шоша-пиша ёрқин жилд томон югурди, у жамоат жойларда илдиз отган услубга қатъий риоя қилган ҳолда хушмуомалалик ва умид ила уни қизга узатди. Ёқимли овозда у одатий кириш мавзуси - ер юзидаги кўплаб бахтсизликлар сабабкори об-ҳаво ҳақида сўз очишга журъат этди ва қисматини кутиб, ўрнида қотиб қолди.

Қиз секин унинг камтарона, озода костюми ва унчалик ифодали бўлмаган юзига қаради.

- Ўтиришингиз мумкин, агар истасангиз, - деди у йўғон овозда бамайлихотир. – Рост, мен ўтиришингизни хоҳлардим. Барибир қоронғу тушди, энди ўқиш қийин. Суҳбатлашишни афзал кўраман.

Тасодиф асири бажонидил ўриндиққа чўкди.

- Биласизми? - деди у, одатда маърузачилар йиғилишни очадиган оҳангда, - сиз мен кўрган энг ажойиб қиз эканлигингизни биласизми? Кеча сиздан кўзимни узолмадим. Ёки кимдир гўзал кўзларингиз жинниси бўлиб қолганини сезмадингизми, ойимқиз?

- Ким бўлсангиз ҳам, - деди қиз муз оҳангда, - илтимос, рўпарангизда хоним ўтирганини унутманг. Менга қарата айтган сўзларингиз учун сизни кечираман, бу хатоингиз, шубҳасиз, ўзингиз даврангиз одамлари учун табиий бўлиши мумкин. Мен сизни ўтиришга таклиф қилдим; агар таклифим мени “ойимқиз” деб чақиришга имкон берадиган бўлса, уни қайтариб олганим бўлсин.

- Худо ҳақи мени кечиринг, -  ёлворди йигит. Унинг юзидаги мағрурлик ўрнини камтарлик ва пушаймонлик ифодаси эгаллади. – Мен янглишдим... айтмоқчиманки, одатда паркдаги қизлар... сиз буни билмайсиз албатта... лекин...

- Бу мавзуни қўйиб турайлик. Албатта мен буни биламан. Яхшиси менга уларнинг ҳар бири ўз йўлида ўтиб кетаётган мана бу одамлар ҳақида айтиб берсангиз. Нега улар бунчалик шошилади? Улар бахтлимикан?

- Ҳа, уларни кузатиш жуда қизиқ, - ғўлдиради йигит ва ниҳоят суҳбатдошининг кайфиятини тушуниб олганига қарор қилди. – Ҳаётнинг ажойиб сири... Кимдир кечки овқатга шошаяпти, бошқалари эса.. ҳм... бошқа жойларга. Уларнинг қандай яшаши жуда қизиқ бўлса керак...

- Менга қизиқ эмас, - деди қиз. – Мен унчалик қизиқувчан эмасман. Бу ерга фақат инсониятнинг улуғ, ҳаяжонли юрагига бир муддат бўлса ҳам яқинроқ бўлиш учун келаман. Умрим ундан шу қадар йироқки, унинг уришини сира эшитмайман. Сиз билан нега бундай гаплашаётганимни фаҳмлаб олаётган бўлсангиз керак, жаноб...

- Паркенстэкер, - деди йигит ва қиз ҳам ўзини таништиради деган умидда унга савол назари билан қаради.

- Йўқ, - деди қиз нозик бармоғини бироз кўтариб ва жилмайди. – У жуда машҳур. Хизматкорим шляпасидаги мана бу тўр парда мени яширин ном билан юришимга хизмат қилади. Ҳайдовчимнинг ҳар сафар менга қарашини билсангиз эди, унинг қарашларини сезмаяпман деб ўйлайди. Очиғини айтаман: ҳаммага ҳам айтиб бўлмайдиган беш олтита фамилия бор; менинг исм-шарифим улардан бири. Буларнинг ҳаммасини фақат сизга айтаяпман жаноб Стекенпот.

- Паркенстэкер, - камтарона тузатди йигит.

- Жаноб Паркенстэкер, мен умримда бир марта бойликнинг манфур ярқираши ва “юқори ижтимоий мавқе” деб аталадиган тушунчалар бузмаган оддий одам билан гаплашмоқчи эдим. Оҳ, пуллардан қанчалик чарчаганимни билсангиз эди – ҳар доим пул, ҳар жойда пул, пул! Атрофимдаги ҳар бир кишининг ҳаммаси бир мақомда қўғирчоқ каби рақсга тушади. Мен ўйин-кулгидан, олмослардан, саёҳатлардан, жамиятдан, ҳар қандай ҳашаматдан чарчадим.

- Мен, - деди йигит иккиланиб, - пул яхши нарса бўлса керак, деб ўйлашга мойил бўлганман.

- Маблағларнинг етарлилиги албатта ёмон эмас. Лекин агар шунча миллионингиз бўлсаю,.. - у умидсизлик билан давом этди. - Сафарлар, зиёфатлар, базмлар, театрлар – буларнинг ҳаммаси тўлиб-тошган бойлик билан безатилган бир хиллик, эскилик, мени зериктириб қўйди. Баъзида стаканимдаги шампан виносидаги музнинг чирсиллаши ҳам мени ақлдан оздираётгандек гўё...

- Мен ҳар доим юқори жамиятдаги бой кишилар ҳаётини ўқиш ва эшитишга қизиқаман. Бироз худбин бўлсам керак, лекин ҳамма нарса тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлишни маъқул кўраман. Билишимча, шампан виноси шишаларда музлатилади, муз тўғридан-тўғри стаканларга солинмайди.

Унинг сўзлари қизни чин юракдан ҳайратда қолдирди шекилли, у оҳангдор кулиб юборди.

- Эътиборингиз учун, - тушунтира кетди у камситилган оҳангда, - бизга ўхшаган синф одамлари кўпинча ўрнатилган урф-одатларни бузишни ўзимизга эрмак қилиб олганмиз. Шампанга муз қўйиш ҳам айнан сўнгги пайтларнинг русумига кирган. Татар шаҳзодаси шарафига уюштирилган Уолдорфдаги тушликдан бери бу одат тусига кирди. Тез орада бу инжиқлик ҳам бошқасига алмаштирилади. Бир ҳафта олдин Медисон-авенюсидаги кечки овқатда ҳар бир жиҳоз ёнида зайтун ейиш учун кийилиши лозим бўлган яшил қўлқоплар қўйилган эди.

- Ҳа, кенг жамоатчилик учун бу нозикликлар, юқори жамиятнинг эрмаклари тушунарсиз бўлиб қолмоқда, - тан олди йигит камтарлик билан.

- Баъзан, - бошини бироз қимирлатди қиз унинг билимсизлик иқрорини қабул қилгандай, - баъзида мен агар сева олсам, фақат қуйи табақадаги одамни севган бўлардим, деб ўйлайман. Албатта, агар у текинхўр бўлмаса. Лекин албатта бойлик ва зодагонлик талаблари менинг ҳавас ва бу иштиёқимдан кучлироқ. Масалан, ҳозир иккитаси мени тинч қўймаяпти. Улардан бири Германия князлиги герцоги. Мен унинг шафқатсизлиги ортидан ақлдан озган хотини борлигидан шубҳа қиламан. Яна бир даъвогар инглиз маркизи, у ўтакетган расмиятчи ва эҳтиёткор, шунинг учун мен герцогнинг шафқатсизлигини афзал кўраман. Лекин буларнинг барчасини сизга айтиб беришга мени нима ундаятпи, жаноб Покенстэкер.

— Паркенстэкер, - деярли эшитилмас минғирлади йигит. - Ростини айтсам, ишончингизни қанчалик қадрлашимни тасаввур қила олмайсиз.

Қиз унга улар орасидаги ижтимоий мевқедаги фарқни таъкидлагандай хотиржам, бефарқ қараб қўйди.

- Касбингиз нима жаноб Паркенстэкер? – сўради у.

- Жуда оддий касб. Лекин ҳаётда муваффақиятга эришишимга умид қиламан. Сиз қуйи табақадаги одамни севишингиз мумкинлигини жиддий айтдингизми?

- Ҳа, албатта. Лекин мен “сева олсам” деб айтдим. Герцог билан Маркизни унутманг. Агар одамнинг ўзи ёқса, ҳеч бир касб менга паст кўринмаган бўларди.

- Мен ресторанда ишлайман, -деди жаноб Паркенстэкер. Қиз бироз сесканиб кетди.

- Ҳар ҳолда официант бўлмасангиз керак, - сўради у деярли илтижо қилиб. - Меҳнатнинг айби йўқ, лекин... ҳар кимга хизмат қилиш... мени тушунаётгандирсиз...

- Йўқ мен официант эмасман. Ғазначиман... Мен кўчанинг нариги томонидаги ресторанда ғазначиман. Йигит “Ресторан” ёзувининг электр ҳарфлари порлаб турган томон кўрсатди.

Қиз билагидаги нозик ишланган миттигина соатга кўз ташлади-да, шоша-пиша ўрнидан турди. У китобни елкасига осилган китоб зўрға сиғадиган нафис сумкачага солиб қўйди.

- Нега ҳозир ишда эмассиз? – сўради қиз.

- Бугун тунги сменадаман, - деди йигит. – Яна бир соат вақтим бор. Бу бизнинг охирги учрашувимиз эмас, шундай эмасми? Мен умид қила оламанми?

- Билмадим. Бўлиши мумкин. Балким бу инжиқлигим бошқа қайтарилмас. Мен шошилишим керак. Кечки овқат, кейин театр ложаси, афсуски, яна ўша ажралмас муҳит. Бу ерда келаётганингизда парк яқинидаги бурчакда турган оппоқ машинани кўргандирсиз.

- Ғилдираклари қизил, шундайми? – сўради йигит ўйчан қошларини чимириб.

- Ҳа. Мен ҳар доим шу машинада келаман. Сизни билмасликда айбламайман, лекин сиз одатда машиналарда ўз эгаларининг монограмма (исми, отасининг исми ва фамилияси бош ҳарфларидан тузилган безак шаклидаги шартли белги)лари бўлишидан хабардор бўлсангиз керак. Ҳайдовчим Пьер мени киришда кутаяпти. У вақтимни боғнинг нариги томонидаги дўконларда ўтказаётганимга амин. Ҳатто ўз ҳайдовчиларимизни ҳам алдашга мажбур қиладиган ҳаёт кишанларини тасаввур эта оласизми? Хайр.

- Жуда қоронғу бўлиб қолди, - деди жаноб Паркенстэкер,  - боғда ҳар хил одамлар юради. Рухсат берсангиз сизни кузатиб қўйсам...

- Агар менинг хоҳишларим билан ҳисоблашмоқчи бўлсангиз, - деди қиз қатъият билан, - кетганимдан сўнг яна ўн дақиқа шу ўриндиқда қоласиз. Яхши қолинг.

У виқор билан тез хиёбон зулмати томон йўл олди. Йигит унинг машина турган бурчак томон кетаётган озғин қиёфасига тикилиб қолди. Кейин ҳеч иккиланмасдан хиёнаткорона дарахт ва буталар остига яшириниб, уни бир сония ҳам кўздан қочирмасдан қиз юрган йўлда ёндаш ҳолда юра бошлади.

Бурчакка етган қиз бошини оқ машина томон бурди, унга қисқа кўз ташлади-да, ёнидан ўтиб кетиб кўчани кесиб ўтди. Йигит парк яқинида тўхтаб турган такси соясида туриб қизнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб тураверди. Қарама-қарши йўлакка қадам қўйган қиз пештахтаси порлаб турган тўлиқ шишадан қилинган ресторан эшигини очиб кирди. Бу ёрқин пештахталари оқ рангга бўялган, арзон ва шинамгина ресторанлардан бири эди. Қиз бутун ресторанни айланиб ўтиб, унинг тубида ғойиб бўлди ва тўсатдан шляпа ва тўр пардасиз пайдо бўлди.

Олд ойнали эшик ортида касса турарди. Касса ортида ўтирган сарғиш сочли қиз қатъият билан соатига қаради ва курсидан туша бошлади. Унинг ўрнини кулранг либосли қиз эгаллади.

Йигит қўлларини чўнтакига солиб, секин орқасига юрди. Бурчакда у бехосдан ерда ётган кичкина жилдга қоқилиб кетди. Ёрқин муқовадаги жилд қиз ўқиган китоб эди, йигит уни қўлига олиб китобнинг номини ўқиди. “Шаҳризоданинг янги эртаклари” муаллифининг исми Стивенсон. У китобни майса устига тушириб юборди ва бир зум қотиб қолди. Кейин оқ машинага яқинлашди, эшигини очиб ўтирди-да, ёстиққа суяниб, ҳайдовчига уч оғиз сўз айтди:

- Анри, клубга ҳайданг.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.