Мутолаа: Йўли топилди. Ҳажвия
Муҳаммад Очил.
Икки ошна – Салим ва Ҳалим бозорлигини қилишмоқда. Салим сомон тиқилган қопдек юм-юмалоқ. Ҳалим эса “ем тегмагандек” озғин ва новча.
Салимнинг икки қўлтиғида харид қилинган маҳсулот-масаллиқлар. Ҳалимнинг қўлида эса бор-йўғи бир варақ қоғоз. Салим юз кўзидан шаррос қуйилаётган терни қийшайганча елкасига артаркан, толиққан товушда деди:
– Қўлингдаги рўйхатга қара-чи… Яна нималар қолибди… Уф-ф!
Ҳалим ярим ғижимланган қоғознинг тахини ёзиб ҳижжалайди:
– Олма… олинди. Сабзи… солинди. Шолғом, турп, кўкат… Демак, ша-а… бўялиб кетибди. Ша-а-ф…
Салим бетоқатланди.
– Шап-шап демай, шафтоли демайсанми, найнов! Қўл толди-ку…
– Шошма… ша-а… Қара, ҳақиқатан шафтоли билан анжир қолибди…
– Анжир билан шафтоли?! Халтада ахир, жой қолмади-ку! Ҳаммол қилиб ўлдираркансан-да мени…
Ҳалим “рўйхат” билан оғзини беркитиб хомуза тортди.
– Бошида келишдик-а? Савдолашиш мендан, бозорликни кўтариб юриш сендан… Лекин, яна бир қоғозхалта олсак, қандай қилиб кўтараркансан…
Салим ҳансираганча оғирлигини бир оёғидан иккинчисига солади.
– Шошма… шу, каллага бир фикр келди.
Ҳалим эснаганча қўл силтайди.
– Хўш? Халтанинг биттасини кўтарасан демоқчимисан?! Бекорларнинг бештасига бештош ўйнабсан! Қани юр! Олдин анжир, сўнг шафтоли оламиз.
– Йў-ўқ, – Салим қашингиси келди шекилли, қийшанглаганча елка учирди. – Шу айтмоқчиман-ки…
Шундай дея Салим мева-чевалар растасига бир муддат тикилиб қолди.
– Шу айтмоқчиманки… Анжир, шафтоли… деб майда-чуйда қилиб юрамизми! Ундан кейин халтада ҳам жой оз қолган. Ке, шунинг учун биратўласига анжиршафтоли харид қилиб қўя қоламиз! Нима дединг?! Ана, ҳув момода бор экан…
“Халта кўтариш хавфи” дан чўчиб турган Ҳалимга бу таклиф ҳалимдек ёқдими бармоғини осмонга нуқиди.
– Во-о! Қойил… Қорнинг семиз десам, калланг ҳам қолишмаскан. Ана топқирлик… Ҳам ҳамён тежалади, ҳам халта… Қани кетдик жўражон! Иқтисод қилган пулга эса… майли яримта биздан!