Нима учун хитойлик сайёҳлар Руҳобод мақбарасига қизиқиш билдиради?

Руҳобод мақбараси 1380 йилда Амир Темур фармони билан қурилган. Бу ерда Шайх Бурҳониддин Сағаржий, унинг рафиқаси ва  фарзандлари дафн этилган.

Темурийлар даврининг бошқа иншоотларидан фарқли равишда Руҳобод мақбарасида кириш пештоқлари йўқлиги унинг ташқи томонини тенг аҳамиятли қилади. Ташқи пардоз ишларида асосан пишган ғиштдан фойдаланилган. Ички пардози ҳам анча камтаронадир.

Шайх дафн этилган йили аниқ номаълум. Ислом диншуноси Абу Ҳафса Нажмиддин Умар «Қандия» асарида Шайх Бурҳониддин Сағаржийнинг дафн этилишини Х асрга тўғри келади деб ёзган. Бошқа маълумотларга кўра, шайх қабри Самарқандда 1287 йилда пайдо бўлган.

Бироқ кўпчилик тарихчилар ХIV асрнинг 40 йилларида Ҳиндистон ва Хитойда бўлган ва “Сағаржийни Пекинда мусулмонлар миссиясининг бошлиғи” деб атаган машҳур араб тарихчиси ва сайёҳи Ибн Батуттанинг гувоҳликларига таяниб, шайх ХIV асрнинг иккинчи ярмида дафн этилганлигини айтмоқда.

Бурҳониддин Сағаржий Хитойни бошқарган Юань сулоласи саройида катта ҳурматга эга бўлган ва ҳатто “хитой маликасига” уйланган эди.

Шайх Бурҳониддин Сағаржий Хитойда вафот этган.

Ўғли Абу Саидга уни Самарқандда дафн этишни васият қилган.

Манба