Ниқоб муаммо бўлмайди
Кейинги кунларда аҳоли ўртасида дорихоналарда ниқоб тақчиллиги кузатилаётгани, антисептик воситаларнинг тугаб кетганлиги борасида кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оммавий ахборот воситалари хабарларидан кузатишимизча, вирус тарқалган Россия, Буюк Британия, Франция ва бошқа мамлакатларда ҳам ниқоб ҳамда антисептик воситалар тақчиллиги кузатилмоқда.
Самарқандда бу масалада яқин кунларда ўзгариш кутиладими? Шу ҳақда «Самарқанд дори-дармон» АЖ бошқаруви раиси Фурқат Шерматовга мурожаат қилдик.
- Мамлакатимизда ниқоб ишлаб чиқарувчи 14 та корхона фаолият юритиб, айни пайтда уларнинг 7 таси ишламоқда, - деди Ф.Шерматов. – Ниқоб ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёлардан бири Хитой давлатидан келтирилади. Шунинг учун уни ишлаб чиқариш сони бироз камайди. Аммо тиббиёт муассасаларига, ниқоб зарур бўлган ташкилотларга у ўз вақтида етказилмоқда. Ҳукумат топшириғига асосан, ниқобларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча чоралар кўрилди. Яқин бир-икки кунда бу масалада муаммо бўлмайди.
Умуман, ниқобни докадан тикиб олиб, қўллаш мумкинлиги ҳақида доимий равишда нафақат маҳаллий, балки хорижлик мутахассислар томонидан фикрлар билдирилмоқда. Қолаверса, барча дорихоналарда бўлмаса-да, аммо баъзиларида ниқоблар сотилмоқда.