ОАВ: Трамп мулкида ядровий қуролга оид ҳужжатлар қидирилган
ФБР (федерал тергов бюроси) ходимлари АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг Флоридадаги мулкини тинтув қилиш чоғида ядровий қуролга оид махфий ҳужжатларни топишга умид қилишган, деб ёзади Washington Post.
“Трамп мулкида тинтув қилинган ашёлар орасида ядровий қуролга оид махфий ҳужжатлар ҳам бўлган”, — дейилади нашр терговдан хабардор манбаларга таяниб.
Аввал хабар берганимиздек, Трамп душанба куни кечқурун Мар-а-Лагодаги мулки 100 дан зиёд ФБР ходимлари томонидан тинтув қилинганини айтди. Собиқ президентнинг қўшимча қилишича, бюро ходимлари тинтув пайтида ҳеч кимга, жумладан, адвокатларга ҳам иштирок этишга рухсат бермаган.
Бош прокурор Меррик Гарланд тинтув ўтказиш учун судга даъво қўзғатишга шахсан рухсат берганини, бу осон бўлмаса-да, аммо асосли қарор бўлганини айтган.
Адлия департаменти суддан ордер ва тинтув пайтида қўлга киритилган нарсалар рўйхатини эълон қилишга рухсат сўрамоқда, деган Гарланд.