Ўғли томонидан тазйиқ ўтказилган она ҳимояга олинди
Facebook ижтимоий тармоғида Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчасида яшовчи Л.Плаксинанинг ўғли томонидан унга тазйиқ ўтказилиб, нафақа пуллари олиб қўйилаётгани, Л.Плаксинанинг ўзи шифохонада ётгани ва унга ёрдам зарурлиги бўйича жамоатчилик фаоллари томонидан мурожаат йўлланган эди.
Маълум қилинишича, ҳолат Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўрганишлар натижасида ҳақиқатдан ҳам Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчасида истиқомат қилувчи 1946 йилда туғилган Л.Плаксинанинг фарзанди 1980 йилда туғилган Д.П. мунтазам равишда спиртли ичимликлар ичиб, онаси билан доимий жанжаллашиб келаётгани маълум бўлган.
Келгусида Л.Плаксинага қилиниши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида унга ҳимоя ордери берилиб, уларнинг оиласи профилактика инспекторининг доимий назоратига олинган.
Л.Плаксинанинг соғлигини текшириш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ҳозирда унинг ўғлига нисбатан тўпланган ҳужжатларни якуний қарор қабул қилиш учун суд органларига юбориш чоралари кўрилмоқда.