Ўтмишга қадам: вақт саёҳатчиларининг ғаройиб ҳикоялари

Илмий фантастика бизга вақт саёҳатчилари ҳақида жуда кўп ақл бовар қилмайдиган ҳикояларни беради. Бу ҳикоялар аллақачон ҳақиқатга айлана бошлаган бўлса-чи? Икки инглиз аёли Версаль бўйлаб сайр қилиб, инқилобдан олдинги Францияга тушиб қолгани ёки 50 йил олдин ҳалокатга учраган ҳарбий самолёт британиялик уй бекасининг яшил майсазорига қўнгани ҳақидаги ҳикояларни қандай тушуниш мумкин?

Бугунги мақоламизда нафақат оддий одамлар, балки тажрибали тарихчиларни ҳам ажаблантириб қўйган ва кўплаб мунозараларга сабаб бўлган бошқа саргузаштлар ҳақида гапирамиз. Кўпгина сирлар бугунги кунгача очилмаган. Шунинг учун, бу ҳикояларнинг қайси бири ҳақиқат ёки уйдирма экани ҳақида фикр юритамиз.

У XXIII асрда туғилиб, XX  асрда вафот этган

1985 йилда НУЖ (номаълум учар объектлар) бўйича олим Вадим Чернобров кекса киши билан учрашади. У одам олимнинг «Вақтга саёҳат» китобини катта шавқ билан ўқигани ҳақида гапиради. Чернобров нотаниш одамга ҳайрат билан қарайди ва «Лекин мен бундай китоб ёзмаганман!», дейди. Ғалати чол табассум билан “Ҳали эмас. Лекин тез орада ёзасиз. Мен уни XXIII асрда ўқиганман», дейди. Олим ҳайратда қолади: албатта, кўпчилик сингари у ҳам «вақт машинаси» ҳодисасига қизиқар эди, лекин у ёзувчи эмас, ҳатто китоб ёзишни ҳам режалаштирмаган эди. Шу сабабли Чернобров кекса одамни ақлдан озган деб ҳисоблаб, унга эътибор бермайди.

Ажабланарлиси шундаки, 15 йилдан кейин олим китоб ёзади. Бироқ, унга бошқа ном беришга қарор қилади. Нашриёт муҳаррири унинг асарини чоп этишдан олдин номини ўзгартирганини билиб, олим ҳайратга тушади? Чунки  китобнинг “янги” номи башорат қилинганидек эди. Шундай қилиб, XX аср бошларида китоб дўконларида Вадим Чернобров ёзган «Вақтга саёҳат» китоби пайдо бўлади. Ҳамма нарса ўша ғалати чол 1985 йилда башорат қилганидек эди. Бу шунчаки тасодифми ёки Чернобров ҳақиқатан ҳам 15 йил олдин вақт саёҳатчиси билан учрашган эканми? Бу саволга жавоб олиш учун биз ўша сирли олдиндан кўра билувчи башоратчига мурожаат қилишимиз керак.

Евгений Гайдучок

1930 йилларда рус оиласи Евгений Гайдучок исмли 13 ёшли болани асраб олади. Ҳеч ким унинг ўтмиши ҳақида ҳеч нарса билмас эди, гўё у «йўқ жойдан» пайдо бўлган эди. Евгенийнинг ўзи 23-асрдан келганини даъво қилади: гўё у севиб қолган қизини ажаблантириш учун отасининг вақт машинасидан фойдаланган экан. Лекин нимадир нотўғри кетиб, бола ўтмишда қолиб кетди. Албатта, катталар унинг ҳикояларини боланинг хаёллари деб билишган. Қандай бўлмасин, Евгений аста-секин ўзи учун янги даврдаги ҳаётга мослашади. У шеър ёзарди, лекин замондошлари унинг шеърларига истеҳзо билан муносабатда бўлишган, чунки уларда қандайдир мобиль алоқа, тушунарсиз Интернет ва космик саргузаштлар... Бир сўз билан айтганда, йигитнинг ишини ҳеч ким қадрламайди.

Тез орада Финляндия билан уруш бошланади ва Евгений армияга чақирилади. Кўпчилик инглизлар Кавказ нефть конларини бомбардимон қила бошлашидан жиддий қўрқар эди, бироқ Гайдучок ўз сафдошларини «Черчилл журъат этмайди, Сталин эса бунга йўл қўймайди», деган сўзлар билан ишонтиради. 1941 йил июнь ойида, Германиянинг СССРга ҳужуми арафасида, у гўё аскарларни бунга тайёрлаб, уларга «немис фашизми» ҳақида маъруза ўқиган. Унинг сафдошлари 22 июнь куни ишдан бўшатишлари ҳақида хабар беришганда, Евгений ғамгин оҳангда «Якшанба куни сиз бошқача фикрда бўласиз» дейди. Дарҳақиқат, айнан шу куни уруш бошланиб кетади.

Дунёларда адашди

Бу воқеа Ғарб жамоатчилигига француз журналисти ва ёзувчиси Этен Кассет туфайли кенг маълум бўлади. У ўзининг «Ўтмиш келажакка айланганда…» янги китоби устида ишлаётганида бир газетада поезддаги сирли воқеа ҳақида сўз борган қизиқ бир мақолага тўқнашади. Мақолада ёш жарроҳ ва болали аёл Мехико шаҳридан Акапулкога кетаётган поезддаги ўз купесида тинчгина кетаётгани, бирдан эшик очилиб, улар қаршисида ҳайратдан кўзларини катта-катта очган, даҳшатга тушган эркак пайдо бўлгани ҳақида сўз борарди. Қадимий камзул кийган эркакнинг бошидаги кукунли парик даҳшатли даражада чигал эди. Бир қўлида патли қалам, бир қўлида катта чарм ҳамён бўларди. «Мен вазир Хорхе де Баленсиагаман!» -  бақириб юборади эркак ва алаҳсираб атрофга қарайди, сўнг овозини пасайтириб, йўловчилардан илтижо билан сўрайди: «Мен қаердаман?» Жарроҳ кондукторни ёрдамга чақириш учун купедан чиқиб кетади. Бироқ, у қайтиб келганида, сирли нотаниш аллақачон ғойиб бўлган эди.

Йўлда кимларни учратмайсиз, бирон бир ақлдан озган киши бўлса керак, ўйлайди йўловчилар. Бироқ, ҳамма нарса бироз мураккаброқ бўлиб чиқади. Жарроҳ ўзини вазир Хорхе де Баленсиага деб таништирган эркак қалам ва ҳамёнини ташлаб кетганини аниқлайди. Улар купе полида, у пайдо бўлган жойда ётарди. Бу буюмлар худди нотаниш кийимдек ғалати эди. Жарроҳ уларни тарихчиларга кўрсатишга қарор қилади. Маълум бўлишича, қалам ҳам, ҳамён ҳам 18-асрда ишлаб чиқарилган, лекин деярли мукаммал ҳолатда сақланган. Бу жарроҳни янада қизиқтирди. У ҳақиқатан ҳам Хорхе де Баленсиага исмли одам борлигини аниқлашга қарор қилади. Архивда бир неча кун ўтказгач, у ўша пайтда яшаган руҳонийнинг «вазир де Баленсиага қариганида бутунлай ақлдан озган», деган ёзувлари бўлган ҳужжатларга дуч келади.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.