"Права" олиб бермоқчи ва ишга киритиб қўймоқчи бўлган "шоввозлар" қўлга тушди

Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

Жумладан, Пайариқ туманида яшовчи 1957 йилда туғилган фуқаро Р.Р. 1993 йилда туғилган Э.Э.га масъул идораларда фаолият юритувчи "қўли узун танишлари" орқали қисқа фурсатда, "ортиқча сарсонгарчиликларсиз" ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган.
У бу "хизмати" учун 500 АҚШ доллари талаб қилган ва 300 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тезкор тадбирларнинг яна бирида Каттақўрғон шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ-реанимация бўлими ишчиси С.Р. бирлашма бош шифокори ўринбосари Л.Х. ёрдамида фуқаро Л.Э. ни оилавий поликлиникага хўжалик бекаси вазифасига ишга киритишни ваъда қилиб, 500 АҚШ доллари олаётган вақтида қўлга олинган.