Қандли диабет қандай касаллик, у қандай пайдо бўлади?
Ноябрь ойи “Диабетга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди.
Инсон учун умуман билинмай кечадиган қатор касалликлар борки, улардан бири ва энг хавфлиси диабетдир. У ҳақида нималарни биласиз, унинг биринчи белгилари ҳақида айтиб бера оласизми?
Афсуски, ўн кишидан тўққизтаси бунинг нималигини айта олмайди. Баъзи пайтларда бунақа билимсизлик жуда ачинарли ҳолатлар – инсульт, юрак-ишемик касалликлари, миокард инфаркти, буйраклар етишмовчилиги, кўриш қобилиятини йўқотиш, гангрена ва бошқа кўп хил бошқа хасталикларга олиб келади. Ишонинг- буларнинг барчаси битта занжирнинг халқаларидир.
Кўпинча диагноз тўсатдан қўйилади: санаторийга боришдан олдин врач кўригидан ёки терапевтнинг (окулист, гинеколог, невропатолог) кўригидан ўтилган ҳолларда, шунда ҳам даволовчи врачингиз сизни эътибор билан кўрикдан ўтказса ва шикоятларингизга қулоқ солган ҳолларда.
Афсуски, биз, тиббиёт ходимлари тиббий кўрикка энг охирги фурсатда, касалликнинг аломатлари бизнинг турмуш тарзимизда жиддий муаммолар туғдиришни бошлаганида борамиз. Лекин барча касалликлар бошланғич даврида осонроқ даволанади. Шунинг учун, ўзингизнинг соғлиғингизга эътибор беришингиз ҳаётий аҳамиятга эга, қандли диабетни келтириб чиқарувчи сабабларни ва дастлабки аломатларни билишингиз зарур.
Қандли диабет (лотинча diabetes mellitus) – эндокрин касалликлар қаторига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилигидан келиб чиқади. Оқибатда қонда гипергликемия – қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади. Касаллик сурункали давом этиши ва организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши билан тавсифланади.
Бундай патологик ҳолатнинг биринчи таърифлари касалликнинг энг кўзга кўринган клиник белгилари – пешоб орқали кўп суюқлик йўқотиш (полиурия) ва қондириб бўлмайдиган ташналик (полидипсия) билан берилган. Қадимда қандли диабет касаллиги танада суюқлик ушлаб қолиш хусусиятининг йўқолиши билан кечадиган патологик ҳолат сифатида кўрилган.
Қандли диабет касаллигининг иккита тури мавжуд. Биринчи тур қандли диабет аутоиммун касаллик. Қолаверса, унинг келиб чиқишида панкреатотроп (ошқозон ости безида яшашга мойил) вирусли инфекциялар (гепатит, паротит, қизилча, қизамиқ ва бошқалар)нинг ҳам муҳим ўрни бор. Иккинчи тур - қандли диабетнинг келиб чиқишида асосан камҳаракатлик, енгил ҳазм бўлувчи улеводларга бой маҳсулотларни, ҳайвон ёғи маҳсулотларини сурункали тарзда, кўп ва ортиқча миқдорда истеъмол қилиб юриш ва бунинг ортидан организмда (асосан қоринда) йиғиладиган ортиқча миқдордаги ёғ тўқимасининг шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, узоқ давом этувчи уйқусизлик, баъзи касалликлар, жумладан, гипертония касаллиги, панкреатит, семизлик, тиреотоксикоз, Иценко-Кушинг синдроми, акромегалия ва бошқа касалликлар ҳамда айрим дори препаратлари (никотин кислота, глюкокортикоидлар, тиреоид гормонлар) қандли диабет касаллиги пайдо бўлишида муҳим рол ўйнайди.
Қўққисдан юзага келган стресс ҳолатлари (бирдан қўрқиб ёки хурсанд бўлиб кетиш) эса аслида қандли диабетга мойил бўлган, углеводлар алмашинуви у ёки бу даражада бузилган одамларда қандли диабет касаллиги белгилари пайдо бўлишига олиб келади.
Қандли диабетни эрта аниқлаш бўйича вилоятимизда 2023 йил биринчи ярим йиллик давомида 587 640 нафар 40 ёшдан ошган хавф гуруҳидаги аҳоли ўртасида скрининг ўтказилди. Шундан 5 142 нафарида эндокрин касалликлар эрта аниқланиб, уларга керакли тавсиялар берилди. Бу эса ушбу беморларда касалликнинг асоратларининг олдини олиб, ўз меҳнат фаолиятларини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Ноябрь ойи бутун дунёда “Диабетга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинган. Сиз ҳам соғлигингизга эътиборсиз бўлманг ва албатта қонингиздаги қанд миқдорини текширтиринг.
Гулзода Негматова,
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари.