Четга қанча маҳсулот сотилди?
Шу йилнинг 6 ойи давомида вилоятдаги 438 та корхона 554 турдаги маҳсулот экспорт қилган. Хусусан, 80 миллион долларлик металл ва тайёрланган буюмлар, 74 миллион долларлик мева-сабзавот, 61,5 миллион долларлик тўқимачилик, 44,9 миллион долларлик озиқ-овқат ва 41,4 миллион долларлик бошқа маҳсулотлар хориж бозорларига сотилган.
Ушбу даврда Таиланд, Италия, Канада ва Жанубий Корея каби янги бозорлар ўзлаштирилган.
Россия (107,7 миллион), Хитой (37,7 миллион), Қозоғистон (23,3 миллион, Туркия (16,6 миллион), Тожикистон (14,9 миллион) асосий ҳамкор давлатлар бўлмоқда.
Дарвоқе, ярим йилликда 104 та корхона хорижга товар ва хизматлар сотиш жараёнига янги қўшилган. Хусусан, Каттақўрғон шаҳрида “Zehra collection” масъулияти чекланган жамияти 12,3 миллион долларлик мис, Пахтачи туманидаги “Baxt Samarkand tex” масъулияти чекланган жамияти 4 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотларини Хитой, Туркия, Қозоғистон, АҚШ ва Россияга экспорт қилган.
Ҳисобот даврида 7 миллион долларлик 5 та янги турдаги маҳсулотлар хорижга чиқарилди. Мисол учун, “Навобод наслли парранда” корхонаси Хитойга 6 миллион долларга парранда оёқчаларини сотган.
Албатта бу ўринда экспортёрларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам қайд этиш ўринли. Жумладан, товар ёки хизматларини четга чиқараётган 14 та корхонага айланма маблағ учун 9,1 миллион доллар кредит берилган, шу даврда улар 8,8 миллион долларлик экспорт қилиб, йил якунигача бу кўрсаткичга 23,8 миллион доллар қўшишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, 6 та корхонанинг халқаро стандарт ва сертификат тизимини жорий қилиш бўйича 804 миллион сўм харажати қоплаб берилган.
Вилоятдаги 9 та корхона Хитойнинг божхона махсус хизмати рўйхатига киритилгач, 1,7 миллион долларлик экспортни амалга оширган. Мисол учун, реестрга киритилган "Aгро Гумуш Жомбой" корхонаси хитойликларга 135 минг долларлик қуритилган мева - олхўри сотган.
Яна бир муҳим маълумот: 64,4 миллион долларлик экспорт қилган 94 та корхонага ташиш харажатининг бир қисми - 24,5 миллиард сўм қоплаб берилган.