Қирғизистон 15 июндан бошлаб халқаро парвозлар фаолиятини тиклашни режалаштирмоқда
Қирғизистон коронавирус пандемияси туфайли вақтинчалик тўхтатилган халқаро парвозлар фаолиятини 15 июнь санасидан бошлаб тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 4 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида республика Фуқаролик авиацияси агентлиги раҳбари Курманбек Акишев маълум қилди.
“Халқаро авиапарвозлар 15 июнь санасидан бошлаб қайта йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда”, дея таъкидлади у.
Акишевнинг сўзларига кўра, айни вақтда халқаро рейслар жадвали ишлаб чиқилмоқда.
- Айни вақтда харакатлар алгоритми кўриб чиқилмоқда. Ҳар бир авиакомпания шароитга қараб, қачон ва неча мартда парвозлар амалга оширилиши мумкинлигини таклиф этмоқда. Алгоритмга кўра, ҳафтасига 16-17, кунига 2-3 та рейс амалга оширилиши режалаштирилмоқда, - деб маълум қилди агентлик раҳбари.
Тақдим этилган сўнгги маълумотга кўра, бугунга қадар мамлакатда 1899 нафар коронавирус ҳолати қайд этилган, улардан 372 нафари тиббий ходимлар. Жами 20 нафар бемор вафот этган ва 1292 нафар бемор соғайган.