Қорасув массивида уч йилда 116 та кўп қаватли уй қурилди

Кейинги йилларда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олиб, янги турар жой массивлари ташкил этилаётгани халқимизни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган масалага ижобий ечим бўлди.

Жумладан, Самарқанд шаҳрининг учта ҳудудида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш белгиланган бўлиб, Қорасув массиви уларнинг дастлабкисидир. 2018 йилдан мазкур массивда замонавий шаҳарсозлик андозалари асосида кўп қаватли уйлар қурилишига киришилди. “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан бу ерда 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 47 та турар жой қурилди. Уларда 3 минг 588 та хонадон бор.

Турар жойларнинг фасади уч қаватли қопламадан иборат бўлиб, бу хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар эгаларига тайёр ҳолда топширилмоқда.

Қорасув массивида қурилган кўп қаватли уйлар сони бугунга келиб 116 тага етди. Шунингдек, бу ерда 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилди. Жорий йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда.