Қўшни вилоятларда нима гап?: Хориж журналларини забт этган Ирода

Жиззах - ўнлаб буюкларга бешик бўлган табаррук маскан

Ана шундай буюк салафлар ҳақида гап кетганда, икки сиймо беихтиёр кўз олдимизга келади. Булар - Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним!

Жиззах шаҳрига киргандан сўнг Шароф Рашидов хиёбони бўйлаб юрар экансиз, дастлаб Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейига дуч келасиз. Улар сиймоси акс этган суратлар, одмигина либослар ва буюмларни кўриб, инсон қалбини ажиб туйғулар эгаллайди.

Ҳар йили Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг таваллуд саналари юртимизда кенг нишонланади. Уларнинг ижод намуналари, сермазмун асарлари яна бир бор ёдга олиниб, шоирлар хотирасига эҳтиром кўрсатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, юқорида тилга олинган музейга яқин жойда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди.

Ижод мактабида 100 ўринли ётоқхона, 100 ўринли фаоллар зали, 75 ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Мактаб ташқарисида волейбол, баскетбол ўйингоҳлари мавжуд.

- Висола Турсунованинг   “Камалак юлдузлари” шеърий  тўплами, 10-синф ўқувчиси Ирода Холбекованинг “Баҳорни қўмсаб” китоби, 11-синф ўқувчиси Гулсанам Баҳриддинованинг “Лолақизғалдоқ”, “Қадргулим”,  Моҳичеҳра Абдурасулованинг  “Ширин орзулар” каби китоблари нашрдан чиқди, - дейди мактаб директори ўринбосари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Маъмура Ёқубова. - Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан чоп этилган “Ижод боғидан гулдаста” номли тўпламда мактаб-интернатининг 5 нафар иқтидорли ўқувчиларининг ижод намуналари жамланган. Шунингдек, ижод масканининг 10 нафар ўқувчи-ёшлари республика ижодий танловларида ғолибликни қўлга киритган. 9-синф ўқувчиси Насиба Бошмонова “Тил - миллат ҳамияти” номли мақоласи билан Германияда ўтказилган халқаро илмий конференцияда сертификат билан тақдирланди. 10-синф ўқувчиси Ирода Холбекованинг Украинанинг “Автограф”, Германиядаги “Мастерская”, Қозоғистондаги “Дактиль” журналларида қатор таржималари чоп этилди.

Мактаб-интернат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими билан доимий тарзда ҳамкорликда ўқувчилар ва шоир-ёзувчилар ўртасида маҳорат дарслари ташкил этиб бормоқда.

Марказий Осиёда ягона

Вилоятда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва спортни оммалаштириш масалаларига ҳам жиддий эътибор бериляпти. Бу йўналишда ҳам янги-янги объектлар қурилиб, ишга туширилмоқда.

Жумладан, яқинда Жиззах шаҳрида бунёд этилган “Велотрек” спорт мажмуаси ҳозирча Марказий Осиёда ягона саналади. Аҳамиятлиси шундаки, мазкур объект ишга тушганидан сўнг Ўзбекистон дунёда “Велотрек” мажмуасига эга бўлган 20 та давлатнинг бирига айланди.

– Мен велосипед ҳайдашга болалигимдан қизиқар эдим, аммо зарур шароитнинг йўқлигидан турли йўлларда бу машғулот билан шуғулланишга тўғри келарди, - дейди Шаҳзод Жўраев. – Мана энди алоҳида жой, ажойиб шароит бор. Насиб қилса, бу мажмуада мунтазам шуғулланиб, яқин келажакда вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиш ва мамлакатимиз байроғини баланд кўтариш ниятим бор.

***

Жиззахда икки кун давомида кўрган-кечирганларимиз ана шулар бўлди. Дарвоқе, яна бир гап. Воҳа бўйлаб сафаримиз давомида ким билан суҳбатлашмайлик, жиззахликларнинг кўзларида эртанги кунга ишонч, қатъият, ғайрат-шижоатни кўрдик. Бугун шиддат билан ўзгараётган юртимизда, бизнингча, энг муҳими шу. Зеро, ишонч ва ҳаракат эртанги ютуқлар кафолатидир.

Ёрмамат Рустамов.

***

Самарқанд – Жиззах – Самарқанд.