Қўшработда ҳали рақам олишга муддати тугамаган машинанинг жарима қилиниши бўйича ИИБ муносабат билдирди

Zarnews.uz сайтида “Қўшработда аҳолига ун олиб борган янги машина ҳали рақами олишга муддати бўлишига қарамасдан жарима майдончасига қўйилганлиги айтилмоқда” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

Вилоят ИИБ ахборот хизматига кўра, юқоридаги машина бошқа сабаб билан жарима майдончасига олинган.

"2021 йил 14 декабрь куни соат 15.30 да Қўшработ тумани “Булоқбоши” маҳалласида яшовчи фуқаро О.Муртозаев Қўшработ туманида жойлашган “Озод олтинлари” МЧЖга тегишли бўлган “Hawo” русумли юк автомашинани Нарпай тумани ҳудудида бошқариб кетаётган вақтида Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-ЙПХ отряди ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилганда ҳайдовчи машинани тегишли йўл варақасисиз бошқарганлиги аниқланган.

Ҳайдовчига нисбатан “планшет” мосламаси ёрдамида электрон маъмурий баённома расмийлаштирган ҳамда транспорт воситаси тегишли тартибда жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ушбу юк автомашинаси ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилган вақтида, автомашинанинг юкхонасида ҳеч қандай юк бўлмаган", дейилмоқда ИИБ изоҳида.