Қурилиш соҳасида давлат харидларини ўтказишнинг янги тизими жорий этилади
“Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (55-сон, 05.02.2021 йил) қабул қилинди.
Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинди.
📋 Қарорга кўра, қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказишнинг янги тизими жорий этилади.
🔰 Унга кўра:
➖ қурилиш соҳасида давлат харидларини ўтказишда танлов ҳужжатларининг умумий ва техник қисмларини тақдим этиш талаб этилмайди;
➖ электрон танлов (тендер) савдоларини амалга ошириш учун танлов ҳужжатлари ва техник вазифалар фақат товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажмларини ва уларнинг нарх параметрларини баҳолаш қисми бўйича комплекс экспертизадан ўтказилади;
➖ танлов савдоларида жорий йил учун молиявий мажбуриятлари ҳажми қурилиш-пудрат ташкилотларининг сўнгги уч йиллик ҳисобот даврининг бир йилида бажарилган энг йирик ишлар ҳажмининг 1,5 бараваридан ошган оферентлар иштирок этмайди;
➖ танлов натижалари бўйича шартномада белгиланган нархга нисбатан сифати ва ҳажмига таъсир қилмаган ҳолда тежалган маблағлар пудрат ташкилоти тасарруфида қолдирилади.
🔄 Қарорга кўра, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳамда танловларни ўтказиш бўйича махсус ахборот портали операторлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
📁 Қарор билан қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.