Россия нефтдан олинадиган фойданинг барчасини ўз фуқароларига бўлиб берди
Россия Молия вазирлиги июль ойининг бошида жами 555 миллиард рубль (7 миллиард 803 миллион АҚШ доллар атрофида) маблағни фарзанди бор оилаларга ижтимоий ёрдам сифатида ажратиб берди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.
Ажратилган маблағ миқдори мамлакатнинг иккинчи чорак учун нефть ва газ савдосидан олган фойдасига тенг. Молия вазирлиги раҳбари Антон Силуановнинг сўзларига кўра, пул маблағлари жуда қисқа муддатда ўз эгаларига топширилган.
“Россия фуқаролари моддий ёрдам олиш учун аризалар билан мурожат этишда давом этмоқда. Барча маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ ҳолда тўлаб берилади”, қўшимча қилди Силуанов.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин топшириғига биноан, 1 июндан бошлаб қарамоғида 16 ёшгача фарзанди бўлган оилаларга, коронавирус пандемияси давридаги моддий ёрдам сифатида, ҳар бир фарзанд учун 10 минг рублдан (140 АҚШ доллар атрофида) моддий ёрдам кўрсатила бошланди. Июнь ойи охирида Президент моддий ёрдам тўловларининг иккинчи босқичи ҳақида эълон қилганди.