Россия Украинага қарши жорий этилган санкциялар кўламини кенгайтирди
Россия ҳукумати Украинага қарши жорий этилган санкциялар кўламини кенгайтирди. Хусусан, Украинанинг собиқ президенти Петр Порошенко ҳам санкциялар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
2018 йилнинг ноябрь ойида Москва Украинанинг 300 дан ортиқ жисмоний ва 68 нафар юридик шахсларига қарши махсус иқтисодий чоралар жорий этди. Кейинчалик, рўйхат бир неча бора кенгайтирилди ва ундан Украинанинг бир қатор юқори мансабли сиёсатчилари жой олди. Жумладан, Украинанинг ўша вақтдаги ИИВ раҳбари Арсен Аваков, мудофаа вазири Степан Полторак, Украина хавфсизлиги хизмати (УХХ) раҳбари Василий Грицак ва бошқалар. Чеклов чоралари Россия ҳудудидаги кўчмас мулк ва нақдсиз пул маблағларини блоклаш, шунингдек, мамлакат ҳудудидаги пул маблағларининг четга олиб чиқилишини тақиқлашни ўз ичига олди.
Ушбу чоралар Киев томонидан жорий этилган санкцияларга жавоб бўлди. Украина, Қрим Россия ҳудудига қўшилганидан сўнг Россияга қарши санкциялар жорий эта бошлади ва ушбу рўйхат ҳам бир неча бор кенгайтирилди.