Самарқанд осмонга бўйлаяпти
Ўтган йил 11 январь куни давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида Самарқанд шаҳри учун Қорасув массивидан ажратилган 50 гектар майдонда қисқа фурсатда бунёд этилган элликка яқин уй-жойлар билан танишган ва шаҳарчани янада кенгайтириш, замонавий кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари қурилишини давом эттириш юзасидан топшириқлар берган эди. Шунингдек, ҳудудда “Agromir bildings” компанияси томонидан хориж технологияси асосида монолит усулида барпо этилиши режалаштирилган 12, 14, 16 қаватли турар жойлар қурилиши қўллаб-қувватланган эди.
Ўша куни вилоят фаоллари билан учрашувда ҳам ҳудудларда уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтириш бўйича фикрлар билдирилди, аҳолининг мурожаатлари эшитилди. Бунга жавобан Президентимиз Самарқанднинг ҳар бир қарич ери қадрли, тупроғи унумдорлигини таъкидлаб, бу ерлардан самарали фойдаланиш, вилоятда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтириш орқали аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлигини қайд этган эди.
Ана шу ташаббус асосида вилоятимизнинг бир қатор туманларида кўп қаватли уйлар қурилишига киришилди. Ургут ва Тойлоқ туманларида эса Самарқанд шаҳридаги каби 12, 14, 16 қаватли уйлар қурилиши бошланди.
Жумладан, Тойлоқ тумани марказидан 6 гектар ер майдони ажратилиб, икки минг хонадонга мўлжалланган 20 та кўп қаватли уй, хизмат кўрсатиш ва сервис мажмуалари қуриш бўйича лойиҳа тасдиқланди. 2019 йилнинг ўзида 6 та 12 қаватли уй қурилиши бошланиб, айни пайтда бу уйларда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ургут туманида эса Мерганча маҳалласи ҳудудида 20 гектар ер майдони “Янги Ургут маскани” барпо этиш учун ажратилди. Бу ерда ҳам ўтган йил август ойида 6 та 12 қаватли уй қурилиши бошланган эди ва бугун ушбу янги хонадонларга аҳоли кўчиб келмоқда.
Қишлоқдаги шаҳарча
Ҳа, бугун Мерганча янги, замонавий уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари бунёд этилган замонавий шаҳарча кўринишини олган.
– Шу қишлоқда туғилиб ўсганман, маҳалламизда қайси оила қандай ҳаёт кечиришини яхши биламан, – дейди Ургут туманидаги Мерганча маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўйчи Муродов. – Тўғриси, авваллари ҳам қишлоғимизда ўзига тинч, тўқ оилалар бўлган, лекин ҳозиргидек замонавий уй-жойлар қаёқда эди. Одамлар уй-жой қуришга ҳам қўрқарди. Чунки уйни пишиқ ғиштдан қурсангиз, “ғиштни қаердан олдинг?”, томни тунука билан ёпсангиз “бунинг пулини қаёқдан топдинг?” деган сўроқлар бўларди. Шу сабабли одамлар уй-жойига қарашга ҳафсала қилмаган ёки бунга имконияти бўлмаган. Жуда орзу-ҳавас қилган одам ҳам ошиб борса “болхона”дор уй қурарди, холос. Буям қишлоқда саноқли бўларди.
Қишлоғимизда 2013 йилда илк бор намунавий лойиҳа асосида уйлар қурилиб, аҳолига имтиёзли кредит асосида берилганда кўпчилик ишонқирамай қаради, ҳавас қилса-да олишга шошилмади. Бир-икки йилдан кейин эса бу уйларга талабгорлар кўпайди, туманимизнинг турли ҳудудларидан одамлар кўчиб кела бошлади. Кейин, 2017 йилдан икки сотихли арзон уйлар қурилди, 2018 йилдан эса уч қаватли уйлар бунёд этилди. Шу тарзда ўша йили 4 та, ўтган йил 7 та кўп қаватли уй барпо қилиниб, 240 оила кўчиб келди. Бу йил яна 48 хонадонли 2 та тўрт қаватли уй қуриляпти. Икки-уч ойда бу янги хонадонларга уй-жойга эҳтиёжманд оилалар кўчиб келади. Котежларимиз ҳам 400 тага яқинлашиб қолди. Шу пайтгача маҳалламизда 295 хўжаликда 2200 дан ортиқ аҳоли яшаган бўлса, энди хўжаликлар сони ва аҳоли қарийб икки баробар ошди. Ўтган йил ҳудудимизда 12 қаватли уйлар қурилиши бошлангач, Мерганчани одамлар қишлоқ демаяпти, “Ургут сити” деб аташяпти. Ана шу янги “сити”да 10 ойда 6 та 12 қаватли, 336 хонадонли уйлар қурилиб, бугун кўрган кўзни қувнатмоқда. Бу уйларда ҳаёт кечиришнинг таърифу тавфсини мен айтсам, муболаға дейсиз, яшаётганлардан сўрасангиз, ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз.
12-қаватга 25 сонияда чиқиш мумкин
Ургут тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Нодир Шодиев ҳамроҳлигида “Ургут сити”даги янги уйларни бориб кўрдик.
– Туманимиз марказида шу пайтгача ҳам кўп қаватли, яъни 4-5 қаватли уйлар бор эди, – дейди Н.Шодиев. – Ўтган асрнинг 80-90 йилларида қурилган бу уйларда, афсуски, кейинги йилларда табиий газ, иситиш тизими, сув таъминоти ва бошқа коммунал хўжалик масалаларида муаммолар юзага келавергач, “квартира”лардан одамларнинг ҳафсаласи пир бўла бошлаган эди. Ўзимизга ҳам кунда кунора шу уйлар билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўларди. Шунинг учун Мерганчада 12 қаватли уйлар қурилади, деган гап чиққанда, қурилиш ишлари бошланганда ҳам ургутликлар бу уйларга унчалик қизиқиш билдирмади. Мана энди бугун, янги, замонавий уйларга одамлар кўчиб келиб, яшай бошлагач, бу хонадонларнинг қулайлик ва имкониятларини кўргач, қарашлар ўзгаряпти.
– Илгари кўп қаватли уй қуриш учун ер қазилиб, бир йил пойдевор қўйишга ҳозирланган, – деб суҳбатга қўшилди мазкур объект қурилишига масъуллардан бири Самад Қурбонов. – Кейин яна бир неча йил қурилиш давом этган. Бугун эса қурилиш технологиялари ўзгарди. Уй қуриш учун бир неча йил кутиш шарт эмас. Биз қураётган кўп қаватли уйларни қуриш учун биринчи навбатда ҳудуднинг кейинги 50 йиллик сейсмик ҳолати ўрганилади. Бу ерда неча балгача зилзила бўлиши мумкин ва бунга қарши қандай чоралар кўриш лозим? Шу асосида пойдевор қўйилади. Бу борада хорижий мамлакатларда тажриба орттирганман. Мана шу уйларимиз 8-8,5 балли зилзилага бардошли қилиб, қуйма темир бетон конструкциялар ва газоблокдан қурилган. Деворлар хонадонда қишда иссиқ ва ёзда салқин сақлайдиган қурилиш материаллари билан қопланган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш тизимига эга. Табиий газ таъминоти мавжуд.
Мезбон янги хонадонлар имкониятлари билан танишиш учун бизни лифт томон бошлади.
– Уйларимизга хориждан келтирилган икки хил – одамлар учун ва юк ташишга мўлжалланган лифт ўрнатилган, – деди у ва соатимиз секундомерига қарашимизни сўради. – Биринчи қаватдан 12 қаватгача қанча вақтда чиқишимизга эътибор беринг. Бу лифтлар шундай ишланганки, бирор бир сабаб билан электр энергиясида узилиш бўлса қаватлар ўртасида тўхтаб қолмайди, яъни лифтда қолиб кетмайсиз. Белгиланган қаватга чиқишингиз ёки тушганингизгача ишлаб туради.
25 сонияда 12-қаватга кўтарилдик. Уйнинг энг юқори қаватидаги ва қуйи қаватлардаги хонадонларда ҳаво ҳарорати бир хил. Ташқари жуда иссиқ бўлишига қарамай уй ичи исиб кетмаган. Зах ёки бошқа нохушликлар сезилмайди. Хоналар кенг, ёруғ. Эшик ва деразалар замонавий материаллардан тайёрланган, сифатли. Ошхона, ҳаммом зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Уйнинг саккизинчи қаватида яшовчи оила бекаларининг айтишича, хонадонга кондиционер қўйишга эҳтиёж йўқ. Кундузи ҳам, тунда ҳам ҳаво ҳарорати меъёрида.
– Бугунги кунда туманимизда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг энг самарали йўли – кўп қаватли уйлар экан, – дейди Н.Шодиев. – Сабаби, биласиз, Ургутда аҳоли кўп, лекин ер майдонимизнинг ҳар бири қаричи ҳисобли. Агар аҳоли эҳтиёжи учун бир қаватли ҳовли-жойлар қуришда давом этсак, қишлоқ хўжалиги соҳасида, демакки, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда кейинчалик муаммолар келиб чиқиши мумкин. Кўп қаватли уйлар эса бу борада самарали ечим. Биргина мана шу массивнинг ўзида яна 20 дан ортиқ 12, 14, 16 қаватли уй қурилишини давом эттирсак, юзлаб оилаларимиз ўз хонадонига эга бўлади. Уйлар билан бирга бу ерда таълим ва тиббиёт муссасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари қурилади. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, яқин йилларда Мерганча ҳақиқатдан ҳам замонавий шаҳарча бўлади.
16 қават забт этилган, навбат 22, 30 қаватли уйларга
Шу пайтгача Самарқанддаги энг баланд бинолар 12-15 қаватни ташкил этган. Яъни, вилоят ҳокимлигининг кенгашлар уйи ва Сўғдиёна масканидаги битта кўп қаватли уй 12 қаватдан иборат бўлган. Гагарин кўчасида илгари меҳмонхона сифатида фойдаланилган ва кейинчалик реконструкция қилиниб, уй-жойга мослаштирилган бино эса 15 қават бўлган. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида фойдаланишга топширилган бу бинолар ҳам бир неча йиллар давомида бунёд этилганини катта авлод вакиллари ҳали ҳануз эслаб гапиришади.
Аммо бугун Самарқанд шаҳрини жаҳон туризм масканларидан бирига айлантириш борасида муайян дастурлар асосида иш олиб борилар экан, қадимий кентнинг тарихий ҳудудида кўп қаватли уйлар қурилишига эмас, аксинча мавжуд биноларнинг қадимий, шарқона архитектурасини сақлаб қолиш, уларни туристик объект сифатида сайёҳларга кўрсатишга эътибор қаратилмоқда. Осмонўпар уй-жойлар, замонавий бино ва иншоотлар эса шаҳарнинг тарихий қисмидан четда бунёд этилмоқда.
Биргина Самарқанд туманининг Қорасув массивидан Самарқанд шаҳри учун ажратилган 100 гектарлик майдонда яқин йилларда юз минг, кейинчалик эса бир миллион аҳоли яшайдиган замонавий шаҳарча қурилмоқда. “Обод маскан” деб ном олган мазкур ҳудудда 2018 йилдан буён 100 дан ортиқ кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Уларнинг йигирмадан ортиғи 12, 14, 16 қаватли бинолардир. Бу борада бой тажриба тўплаган “Agromir bildings” корхонаси жорий йилда 48 та ана шундай осмонўпар уйларни бунёд этмоқда.
“Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси эса 3 та 16 қаватли уй буюртмачиси ҳисобланади.
– Шу пайтгача ҳам мазкур массивда беш-етти қаватли уйлар қурганмиз, – дейди “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компаниясининг Самарқанд вилояти бўйича назоратчиси Шерзод Аҳмедов – Лекин 16 қаватли бу уйлар ўзининг кўриниши, дизайни, яратиладиган қулай шароитлари, энг муҳими ўзига хос қурилиш технологияси билан ажралиб туради. Яна бир эътиборли томони ўтган йил қурилган кўп қаватли уйларимизда хонадон ичи баландлиги 2,7 метрни ташкил этган бўлса, бу йил 3 метр қилиб қурилмоқда. Бу нозик дидли кишилар талабига ҳам жавоб беради, дегани. Эътиборлиси, бу 240 хонадон уй-жойга эҳтиёжманд аҳолига имтиёзли кредит асосида берилади.
Дарвоқе, яна бир маълумот. Эндиликда ушбу массивда 22 қаватдан 30 қаватгача бўлган уй-жой биноларини қуриш режалаштирилмоқда. Демак, Самарқандда 16 қаватли уй ҳозирча, энг баланд бино. Лекин яқин орада бу марра янада юксалади. Бу ўринда гап бинонинг қанчалик баландлигида ҳам эмас, балки аҳоли турмуш даражасининг юксалиб, замонавий, ҳар томонламай шинам ва қулай хонадонларда яшашга интилишнинг кучайиб бораётганида.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (фото).