Самарқанд шаҳридаги номсиз кўчалар номланади
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 14 та номсиз кўча бор. Яқинда Самарқанд ҳудудидаги Топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи комиссия йиғилишида ушбу масала муҳокама этилди.
Шаҳардаги номсиз кўчалар Галаосиё, Боғимайдон, Сайхун, Боғибаланд маҳаллаларида жойлашган.
Йиғилишда географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссияси томонидан шаҳардаги номсиз кўчаларни номлаш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Шунингдек, шаҳардаги Ханимова, Сапёрная, Центральная, Деповская каби 33 та кўча номи қонунга мувофиқ эмас деб топилиб, уларга янги ном бериш тавсия этилди.
Бундан ташқари, Маданият, Тошлоқ, Огаҳий каби 9 та кўча номи такрорий деб топилиб, уларга янги ном бериладиган бўлди.
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича республика комиссияси киритилган таклифларни тасдиқлаганидан сўнг, Самарқанд шаҳридаги номсиз, такрорий ва қонунга мувофиқ эмас деб топилган кўча номлари қонун талабларига мос равишда номланади.