Самарқанд шаҳридаги қурилишларнинг уч йиллик дастури тузилади
Вилоятимиз туман ва шаҳарларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, белгиланган лойиҳалар бугун, 30 октябрь куни вилоят ҳокими Э.Турдимов раҳбарлигида тегишли мутасаддилар иштирокида яна бир бор муҳокама этилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Жумладан, Самарқанд тумани Оҳалик массивидаги сил касалликларини даволашга мўлжалланган сиҳатгоҳ, Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи йўл ёқасидаги бинолар жойлашуви лойиҳа таклифлари, мажмуа ҳудудида барпо этилаётган меҳмонхоналар лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Ҳар бир лойиҳа мутахассислар билан биргаликда атрофлича муҳокама этилиб, қурилиш ишларидаги ҳар бир жараёнга эътибор қаратилди. Шу асосида лойиҳаларга тузатишлар, қўшимчалар киритилди.
Тақдимотлар жараёнида вилоят ҳокими айни пайтда Самарқанд шаҳрида коммуникация тармоқлари ва йўл инфратузилмасини реконструкция қилиш, таъмирлаш юзасидан олиб борилаётган ишларга яна бир бор эътибор қаратиб, бу борада аниқ дастур, тизим йўқлигини танқид қилди. Бугун сув ёки газ тармоғи янгиланаётган кўчада бир йилдан сўнг бошқа коммуникация тизимини янгилаш режалаштиришган, кейинги йилда яна бошқаси. Ваҳоланки, бу юмушларни ҳар бир соҳа ишини мувофиқлаштириган ҳолда бир вақтда ташкил этиш мумкин. Кўча ковлангандан кейин барча коммуникация тармоқларини ўтказиб, кейин йўлни соз ҳолатга келтириш, шу билан бирга, ҳудудни обод қилиш зарур. Ана шунда бу ишларга сарфланадиган харажат ҳам камаяди, вақт тежалади, аҳоли ҳам йўллар ковланишидан бугунгидек безиб қолмайди.
Шундан келиб чиқиб, Э.Турдимов қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ҳамда коммунал соҳа раҳбар ва мутасаддиларига Самарқанд шаҳридаги ҳар бир кўча, ҳудудда кейинги уч йилда амалга оширилиши мўлжалланган қурилиш-реконструкция ишларининг дастурини ишлаб чиқиш ва бу дастурлардан ҳар бир киши, хусусан, шаҳар аҳолиси танишиши учун имконият яратиш топшириғини берди. Бунда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.