Самарқанд туманига пресс-тур: 2022 йилдан тумандаги ғалла майдонлари ўрнига сабзавот маҳсулотлари экилади
Самарқанд туманида 290,6 гектар иссиқхона хўжаликлари мавжуд бўлиб, 27 гектари Жанубий Корея, 4 гектари Хитой, 2 гектари Туркия услубидаги ва қолгани маҳаллий услубдаги иссиқхоналарни ташкил этади.
Туманга уюштирилган пресс-турда журналист ва блогерларга Корея ва Туркия технологиялари асосида ташкил этилган иссиқхоналар таништирилди. “Ихтиёр қурилиш сервис” МЧЖга қарашли 2 гектарли иссиқхона 2017 йилда Корея технологияси асосида барпо этилган бўлиб, 2018 йилдан иш бошлаган. Унда 33 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади.
Иссиқхонада деярли барча ишлар техника асосида бошқарилади. Ернинг намлигига қараб кўчатлар автоматик тарзда томчилатиб суғорилади. Помидорлар гидропоника усулида етиштириляпти.
- Помидор кўчатларини октябрь ойида экканмиз, - деди “Ихтиёр қурилиш сервис” МЧЖ агрономи, туркиялик Аран Кая. - Ўзбекистон қуёшли ўлка бўлгани билан ерлари шўр, алмашлаб экиш ишлари яхши эмаслиги туфайли унумдорлик кам. Шу сабабли биз иссиқхонадан йилига 200-250 тонна помидор оляпмиз. Туркияда эса бундан кўп ҳосил олинади. Бу ерга уч йиллик шартнома асосида келганман.
“Грин Агро Тред” МЧЖга қарашли 3 гектарлик иссиқхона эса Туркия технологияси асосида барпо этилган.
- Иссиқхонамиз 2020 йилда ишга тушди, - деди жамият директори Соли Раҳимов. – Помидор уруғларини Туркиядан келтириб экяпмиз. Ўтган йили 5 тонна ҳосил олдик. Бу йил кузда қуёшли кунлар кам бўлгани сабабли ҳосилимиз ўтган йилгидан камроқ бўляпти.
Иссиқхонада етиштирилаётган помидорлар чет элга ва маҳаллий бозорларга чиқарилади.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар тумандаги “Stekloplastik” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхона 1982 йилда ташкил топган бўлиб, дастлаб бу жой қайиқсозлик заводи бўлган. Бугунги кунда завод тиббиёт, спорт товарлари, шунингдек мактаблар учун стол-стул, парта каби 600 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
Бундан ташқари, заводда “MAN” автобуслари учун 70 турдаги, “СамАвто” автобуслари учун 19 турдаги деталлар тайёрланади. Завод ўтган йили 42 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Бу йил 60 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Пресс-тур иштирокчилари тумандаги “Истиқлол шуъласи” фермер хўжалигига қарашли шифер заводида бўлди.
- Заводда 1 суткада 4,5-5 минг дона шифер ишлаб чиқарилади, - деди бош инженер Фарҳод Нарзиқулов. – Бир сменада 15 нафар ишчи ишлайди. Иш 2 сменада ташкил қилинган. Ишчиларга икки маҳар иссиқ овқат берилади, ишга келишлари учун транспорт ташкил қилинган.
Туманда “Гулобод агрологистика маркази” бўлиб, у ерда озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи савдо бозори ташкил этилган. Журналист ва блогерлар пресс-тур давомида ушбу бозор фаолияти билан танишди.
- Бу ердан тарқатилаётган маҳсулотлар нафақат туманга, балки Ургут, Тойлоқ, Булунғур туманларига ҳам олиб кетилади, - деди туман ҳокими Носир Мавлонов. – Шунингдек, Сурхондарё, Қашқадарёдан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ушбу бозордан бошқа жойларга тарқатилади. Аслида бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ташкил этилганди. Бу ердаги ҳар томонлама қулай шароит туфайли бозорда бугунги кунда тадбиркорлар сони 500 дан ошиб кетди. Кейинги пайтда бозорда бошқа маҳсулотлар ҳам сотиляпти. Бозор ташкил этилганига 4 ой бўлди. Ҳали ўзига яраша муаммолари бор. Келажакда бозор кенгайтирилиб, супермаркет, гипермаркет ташкил этилади. Бу ер ҳақиқий логистика марказига айланиши керак.
Бизнинг олдимизда жуда катта режалар турибди. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда 2022 йилдан Самарқанд туманидаги ғалла майдонлари ўрнига сабзавот маҳсулотлари экиш топшириғи берилди. Шунингдек, туманда маҳсулот етказиб бериш хизмати билан шуғулланадиган компания ташкил этилади. Туманда 2 минг гектардан ортиқ ерга сабзавот экилади ва маҳсулот биринчи навбатда Россия бозорига экспорт қилинади.
Маълумот учун шуни айтиш керакки, туманда жорий йилда 57 та экспортёр корхона томонидан 14 328,0 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган.
Хуршида Эрназарова.