Самарқандда 2865 нафар фуқаро карантинда: 2702 нафари уй шароитида, 163 нафари даволаш профилактика муассасаларида назоратга олинган

10 июлдан мамлакатимизда карантин чоралари яна кучайтирилди. Ушбу ҳолатда вилоятдаги даволаш муассасалари шу пайтга қадар қандай тартибда ишлаётган бўлса, шу тахлит ишини давом эттиради.

Айни пайтда Самарқанд вилоят, туман тиббиёт бирлашмалари, шифохоналар карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Шифохонага беморлардан бошқаларнинг кириши қатъиян ман этилади. Туманлардан вилоятга даволаниш эҳтиёжи бор беморлар ҳудуд тиббиёт муассасаси йўлланмаси билан қабул қилинади.

Ҳозирда (10 июль ҳолатига кўра) вилоятимизда яшовчи  517 нафар фуқарода “Covid-19” ташхиси расмий тасдиқланган. Улардан 65 нафари вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасида даволанмоқда.

Айни пайтда вилоятда 2865 нафар фуқаро карантинда сақланмоқда. Жумладан, 2702 нафари уй шароитида, 163 нафари даволаш профилактика муассасаларида назоратга олинган.

Бундан ташқари, вилоятимизда 19 минг 297 нафар ўз уйида ва 6 минг 597 нафар тиббиёт муассасаларида карантин шароитида сақланаётган фуқаролар карантин ҳисобидан чиқарилди.

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.