Самарқандда 53 мингдан ортиқ ўқувчи коррупция иллатига қарши иншо ёзмоқда

Айни пайтда Самарқанд вилоятидаги 168 та касб-ҳунар коллежининг 3-босқичида таҳсил олаётган ўқувчилар “Биз, ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!” шиори остида “Коррупция - адолат кушандаси” мавзусида республика иншолар танловида иштирок этмоқда.

Жумладан, Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежида бўлаётган танловда 400 дан зиёд ўқувчи иншо ёзмоқда.

- 2018-2019 ўқув йилида коллежимизни 406 нафар ўқувчи битиради, - дейди коллеж директори Зафар Маллаев. - Уларнинг онгу тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, коррупция иллатига қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши жамият тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли касб-ҳунар таълими тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида алоҳида тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва шу асосда бир қатор ижобий ишлар ва ташаббуслар амалга оширилиб келинмоқда. Бугун ўтказилаётган иншолар танлови мазкур ишларнинг амалий ифодасидир.

Танлов доирасида ўқувчи-ёшларнинг коррупцияга қарши кураш мазмунидаги “Энг яхши плакат”, “Энг яхши сурат” номинациялари бўйича тайёрлаган ижодий ишлари ҳам намойиш этилди.

Иншолар танлови ғолиблари Касб-ҳунар таълими маркази ва ҳудудий бошқармалар, шунингдек, ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланади.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.