Самарқандда ибратли оилалар маълум бўлди

Нуробод туманидаги Қурбоновлар оиласи энг маданиятли оила, нарпайлик Норбоевлар энг зукко, Пахтачидан Рустамовлар меҳнатсевар, тойлоқлик Жабборовлар ораста, Қўшработдаги Файзиевлар намунали, Иштихон туманидаги Жумаевлар маърифатли оила экан.

“Ибратли оила” республика кўрик-танлови Самарқанд вилояти босқичида туман ва шаҳарлардан келган оилалар ана шундай номлар билан эътироф этилди.

– Ҳар бир инсон оилада камолга етади, ҳаётни оила орқали англайди ва улғайиб ўзи ҳам яна бир оила эгаси бўлади, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи З.Шодиева. –Жамият оилалардан таркиб топади, ундаги муҳит жамиятда ҳам ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур танлов ҳам ушбу мақсадлардан келиб чиқиб ўтказилмоқда. Танловнинг қуйи босқичларида маҳаллалардаги ибратли оилаларни аниқлаш ва улардаги ҳаёт тарзини бошқаларга намуна қилиб кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бой ҳаётий тажрибага эга оилалар эгаларининг тажрибасини ёшлар ўртасида тарғиб этдик. Шу тарзда танловнинг вилоят босқичида қатнашган оилаларнинг ҳар бири ўзига хос жиҳатлари билан бир-биридан ажралиб турди, бир-бирини тўлдирди. Шу боис танловда ғолиблар билан бирга ҳар бир оиланинг энг устувор қадрият, ғоясидан келиб чиқиб, уларга ўзига хос ном бериб рағбатлантирдик.

Танловнинг вилоят босқичида Паст Дарғом тумани Гумбаз маҳалласида яшовчи Ҳусниддин Норматов ва Обод Тожиева оиласи энг ибратли оила, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Бундан 35 йил аввал турмуш қурганмиз, – дейди Ҳусниддин Норматов. – Яратганга шукр, уч нафар фарзандни ўқитиб, касб-ҳунарли, уйли-жойли қилдик. Олти нафар набирамиз бор. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланамиз, фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Меҳнатимизга, ҳаракатимизга яраша даромад қиламиз. Оиламиз тинч, рўзғоримиз бут. Маҳалламиз ва қўшни қишлоқлардаги 115 кишини ҳам иш билан таъминлаганмиз. Маҳалла, қўни-қўшнилар тавсияси билан ушбу танловда қатнашиб ғолиб бўлганимиздан хурсандмиз. Инсон учун оилавий хотиржамликдан улуғ неъмат йўқ экан. Оилангиз тинч, аҳил бўлса, ҳамма ишларингиз юришиб, барча мақсадларингизга етар экансиз.

Каттақўрғон шаҳридаги А.Нарзуллаев оиласи иккинчи, ургутлик Аҳтамовлар оиласи учинчи ўринни эгаллади.