Самарқандда Марказий Осиё ННТлари академиясининг илк мулоқоти бўлиб ўтди

Мазкур академия минтақа мамлакатларининг 20 дан зиёд ННТларини бирлаштиради. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ушбу ташаббусини Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси қўллаб-қувватлайди.

Мулоқот аввалида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси минтақавий вакили Ронни Хайне ҳамда вилоят ва Самарқанд шаҳри ҳокимлиги вакиллари сўзга чиқди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлашнинг ижобий тенденция кузатилмоқда. Умуман, вазият 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирганда анча яхшиланган.

Экспертлар муаммоларнинг фақат биринчи сирт қатламини ҳал қилишга эришилганини қайд этди. Бир неча долзарб масалалар ҳали ҳам ўз ечимини кутмоқда. Олдинда кўплаб вазифалар турибди. Умумий вазифа эса минтақа мамлакатлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг юзага келаётган тенденцияларини ортга қайтмайдиган қилишдир. Иштирокчилар фикрича, ҳозирда ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини янада кенгроқ жалб этиш мақсадга мувофиқ. Чунки улар минтақалараро ҳамкорликнинг эришилган натижаларини мустаҳкамлаш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва муҳим ижтимоий муаммоларни биргаликда ҳал этишга беқиёс ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида ўн минглаб жамоат (нодавлат) ташкилотлари фаолият олиб боради, улар ўз тармоқларида юз минглаб фаолларни, волонтёрларни, жамоатчилик фикри етакчиларини бирлаштиради. Фуқаролик жамияти даражасидаги ўзаро ҳамкорлик минтақа мамлакатларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун асос яратади, тизимли ўзаро ёрдамни таъминлайди ва учинчи секторда умумий сиёсатни мувофиқлаштириш учун шароит яратади.

Маҳаллий ННТлар ҳамда Марказий Осиё жамоат ташкилотларининг ходимлари ва фаоллари очиқ мулоқот форматида ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш имкониятлари, замонавий тенденциялари, чақириқлар, энг яхши тажрибаларни муҳокама қилди, минтақадаги ҳар бир давлат кесимида муваффақиятли фаолият олиб бораётган тармоқлар, коалициялар, альянсларни, уларнинг ўхшаш ва фарқли томонларини кўриб чиқди.

Самарали мулоқотлар якунида Академия иштирокчилари шунчаки таклифларни эмас, балки келгуси ҳамкорликнинг аниқ механизмларини, ноҳукумат ташкилотлар даражасида Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланиш йўлидаги ягона платформани шакллантириш бўйича стратегик қадамларни ишлаб чиқди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати.