Самарқандда тест синовлари 11 кун давом этади

Жорий йил вилоятимиздаги тўққизта олий ўқув юртига ўқишга кириш мақсадида 139 минг 874 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган тест синовларида 134 минг 244 нафар абитуриент қатнашади.

Самарқандда тест синовларини ўтказиш учун жойлар ажратилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жараёнлар еттита очиқ майдонда, яъни Самарқанд тумани Конигил маҳалласи ҳудудидаги спортнинг эшкак эшиш тури бўйича республика ихтисос­лаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари мактабининг 4 та ҳудуди, Самарқанд шаҳридаги Депо кўчасида жойлашган «Локомотив», Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Нурафшон” ҳамда Сартепа масканидаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби футбол стадионларида ўтказилиши белгиланди.

Имтиҳонлар ўтказиладиган жойларга стол-стуллар келтирилиб, телекоммуникация тармоқлари тортилмоқда.

- Карантин талабларига мувофиқ тест синовлари икки нав­батда ўтказилади, - дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Воҳид Сирлибоев. – Жараёнлар учун ажратилган жойларда бир навбатда 6 минг 120 нафар абитуриент тест синовларидан ўтиш имконига эга. Бир кунда 12 минг 240 абитуриент имтиҳон топширишини ҳисобга олсак, вилоятимизда бу жараён 11 кун давом этади. Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари учун ўтган йилгидек барча шароитлар яратилади, аммо шуни инобатга олиш керакки, зарурат бўлмаса жараёнларни уйда қолиб, маҳаллий телевидение ёки test2020.uz сайти орқали онлайн кузатиб боришлари ҳам мумкин.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ.