Самарқанднинг микроҳудудларидаги камчиликларни бартараф этишни вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси назоратга олди
Шу йил 30 сентябрь куни Zarnews.uz сайтида “Самарқанднинг микроҳудудларида аҳвол қандай?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда кўрсатилган камчиликларни бартараф этилаётгани ҳақида Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси муносабат йўллади.
Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан мақолада қайд этилган муаммоларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳи тузилди, айни пайтда “Саховатли кишилар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти тўлиқ ўрганилмоқда. Ўрганиш давомида ажратилган 2,2 миллиард сўмдан ортиқ кредитларнинг сарфланиши, бажарилган ишларнинг сифати таҳлил қилинмоқда. Мазкур таҳлил якунлари бўйича уйларни таъмирлаш масаласига ойдинлик киритилади.
“Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасига тегишли марказий иссиқлик қозонхоналари ишламаганлиги сабабли “А” ва “Б” микроҳудудлардаги кўп қаватли уй-жойларга жорий йилда ҳам марказлашган иссиқлик етказиб берилмайди. Мақолада кўрсатилган бу уйларда “ALFA COMPUTERS GROUP” МЧЖ пудратчи ташкилоти томонидан қилинаётган ишлар 70 фоизга бажарилган. Ишларни тугатмаганлиги сабаблари ҳақида буюртмачи вилоят инжиниринг компаниясига ёзма мурожаат қилинган. Суғдиёна масканидаги 17-уйнинг лифти таъмирланиб, ишга туширилди.
Уй таъмири учун сифати пудратчи масъул. Аммо мурожаатчиларнинг ўзлари бу таъмирни қабул қилган. Чиқинди қутиси қўйиш “Мароқандобод” давлат унитар корхонасига айтилди. Электр симлари билан боғлиқ камчилик бартараф этилди.
9-уйнинг ертўласидаги сув қувури ёрилгани боис сув босган экан, бу ҳолат бартараф этилди. Фаррошнинг ойлиги мулкдорлар умумий йиғилиши қарори билан белгилишини маълумот ўрнида келтирамиз.
15- ва 16-уйларнинг том қисмидаги камчиликлар “Суғдиёна гарант сервис” ширкати томонидан бартараф қилинади.
Кўп қаватли уйлар олдидаги гаражлар олиниши бўйича вилоят ҳокимининг қарори ҳам қабул қилинган. Мавжуд 12 та гараж ҳам олиниши бошқарма томонидан назоратга олинади”.