“Самарқанднома”
Шоира Жумагул Сувонованинг кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига бағишлаб ёзган тарихий биографик достони шундай номланди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига туҳфа сифатида нашрдан чиққан ушбу китоб қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд ва унинг бугунги фаровон кунларига бағишланган.
Самарқанд қадимдан ўзининг ўтмиши, илму маърифати олиму уламолари, қадимий обидалари билан дунёга машҳур. Достонни ўқиб, шоиранинг сизни ана шу сеҳрли оламга, сирли уммонга яқинлаштирганлигини ҳис қиласиз. У кишини Самарқандни севишга, аждодлардек бўлиб, ўз юрти, халқи учун яшашга ундайди.
Ўн саккиз бўлимдан иборат бўлган достон китобхонга воқеликнинг энг юксак, энг нозик қирраларини бадиий ифода этиш услуби орқали тақдим этган. Масалан, "Янги Самарқанд" фасли тасвирларини ўқир экансиз, сатрларда ифода этилган мақсад кўнгилларни илмга, нафосатга, юртга муҳаббат туйғусини тараннум этаётганини ҳис қиласиз.
Қуйида Самарқанд ҳақидаги ривоятдан бирини ўқийсиз.
***
Бир кун (Абул) Ибн Аббос Ҳазрати Хизр
Самарқанд таърифин этаркан бир-бир.
Бул шаҳарнинг мадҳин бинолар этган,
Уни Расулуллоҳ(с.а.в.) дуолар этган!
Дейди: "Аллоҳ ёрлақаган, суйилган,
Тупроғига пайғамбарлар қўйилган".
Абул Ҳино Ҳусниёдек пайғамбар,
Камтарлик ва хокисорликка раҳбар.
Бўлиб элнинг ҳайратини лол қилган,
Жаҳолатнинг мулкини ишғол қилган.
Дея Ҳазрат Хизр(а.с.) боқиб узоққа,
Шаҳарнинг мақтаган Расулуллоҳ (а.с.в.)га.
Яна бир саҳоба Асом ибн Зайд(р.а.)
Самарқанд таърифин баён этган пайт.
Бошқа бир ривоят мағзидан огоҳ
Этиб, деганди дер, Рисолатпаноҳ (пайғ.с.а.в.):
"Жайҳун дарёсидан нариги ерлар
Унинг мақтаб, номини Самарқанд дерлар.
Ул жуда бой, афсонавий бир чаман,
Уни Худо ҳар офатдан сақлаган.
У ерда кўп олим-у илм тараф,
Туғилади, юртга келтириб шараф.
Ҳам кўксини улуғ этиб бу шаҳар,
Жой олади не-не улуғ мозорлар".
Муниса Шамсиева.