СамДЧТИда илмий-методик марказ ташкил этилади, унга хорижлик ўқитувчилар жалб қилинади
Самарқанд давлат чет тиллар институтида хорижий тиллар бўйича барча таълим босқичлари учун узвийликда фаолият юритувчи комплекс малака ошириш ва қайта тайёрлаш илмий-методик маркази ташкил этилади. Бу ҳақда институтда навбатдан ташқари йиғилишда маълум қилинди.
Институтда хорижий тилларни ўқитадиган ва абитуриентларни олий таълим муассасаларига тайёрлайдиган марказлар очилган. Ушбу марказларда ҳар йили икки мингдан ортиқ абитуриент хорижий тилларни ўрганади.
Келгусида ҳар йили марказларда хорижий тилларни ўрганадиган абитуриентлар сони 5 минг нафарга етказилади ҳамда мазкур марказларга Британия Кенгаши, АҚШ элчихонаси, Гёте институти, Алянс Францез, KOICA, Конфуций институти ҳамда DAAD ташкилотлари билан ҳамкорликда хорижлик ўқитувчилар жалб қилинади ва кечки ўқув курслари йўлга қўйилади. Натижада курсларда нафақат абитуриентлар, балки ўқитувчилар ҳам тайёргарлик кўришлари мумкин бўлади.
Ташкил этилажак илмий-методик марказда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиб, халқаро тиллар бўйича сертификатларни бериш имкониятлари кенгайтирилади. Бундан ташқари, ушбу марказда мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган педагог ходимларни, турли соҳалар мутахассисларини, бизнес вакиллари ва тадбиркорларни чет тиллар бўйича 6 ойлик интенсив қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби имкониятлар ҳам мавжуд бўлади. Талабгорлар ўз ихтиёрига кўра, анъанавий ва масофавий таълим шаклида малака ошириши мумкин.
Тизимга замонавий ахборот технологиялари жорий этилади ҳамда электрон таълим платформаси орқали тингловчиларга онлайн таълим олиш имконияти яратилади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, чет тиллари бўйича қабул квоталари сони икки баравар кўпайтирилиб, 16 мингтага етказилади, давлат гранти эса 3 бараварга оширилади.
Самарқанд давлат чет тиллар институти ахборот хизмати.