СамДЧТИда ишлашни хоҳловчи талабаларга қандай имкониятлар таклиф этилмоқда?
Самарқанд давлат чет тиллар институтида 843 нафар талаба ишга муҳтож эканлигини маълум қилган. Хўш, улар қай тартибда ишга жойланади? Қаерларда ишлашади? Олийгоҳнинг ўзида ҳам иш ўринлари борми? Репетиторлик қилишни истаган талабаларга қандай ёрдам кўрсатилади? Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабаларни ишга жойлаш ҳам кўзда тутилганми? Институт ректори Илҳомжон Тўхтасиновнинг ушбу мақоласида шу саволларга жавоб берилган.
Шу йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари томонидан олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилган эди.
Жумладан, бизга ҳар бир талаба билан шахсан учрашишимиз, уларнинг ҳақиқий ҳолатини билиб, талабаларнинг оилавий аҳволи, шароити, қандай ўқияпти, муаммолари ва таклифлари, хуллас, барчасидан хабардор бўлган ҳолда ушбу масалага шахсан масъул бўлишимиз кераклигини алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, олийгоҳлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш, олийгоҳларнинг йўналишига қараб, аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатишни жорий этиб, талабаларга қўшимча даромад олиш имкониятини яратишимиз шартлигини қайд этилди.
Вазифалардан келиб чиқиб, ишга муҳтож талабаларни аниқлаш ва уларни ишга жойлаштириш, иш берувчилар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, институтдаги тил ўқитиш марказлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш орқали бўш иш ўринларини яратиш каби чора-тадбирлар белгиланган йўл харитамизни белгилаб олдик.
Жумладан, институтда талабаларнинг бандлиги ва янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳамкор ташкилотлардаги бўш иш ўринларини аниқлаш каби фаолият билан шуғулланувчи Бандлик маркази, яъни Коворкинг маркази ташкил этилди.
Бандлик марказининг факультетлараро ўтказган сўровнома холасаларига кўра, институтда таҳсил олаётган талабаларнинг 843 нафари ишга муҳтож эканлиги аниқланди ва ҳозирда ишчи гуруҳ иштирокида улар билан мунтазам учрашувлар ўтказилмоқда.
200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талабамизни институтимиздаги бўш иш ўринларига, ўқув марказлари ва тил ўқитиш марказларига ҳамда умумтаълим муассасалари, шунингдек, ҳамкорликда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектларидаги мавжуд иш ўринларига ишга жойлаштирдик.
Талабаларимизни иш билан таъминлаш жараёнлари давом эттирган ҳолда қолган 643 нафар ишга муҳтож талабаларимизнинг иш билан таъминланиши борасида ўз олдимизга режаларимизни белгилаб олганмиз.
Хусусан, институт қошида “Smart English”, “IELTS” ўқув марказлари, минтақавий тил ўргатиш маркази, Нарпай, Пайариқ туманларидаги филиалларимиз фаолият юритиб келмоқда. Хорижий тилларни ўргатиш учун етарли билим ва кўникмаларга эга ҳамда хорижий тиллар бўйича тил билиш даражаси камида B2 ва C1 бўлган талабаларимизни педагогик фаолиятга жалб этган ҳолда 150 нафарини иш билан таъминлашни режалаштирганмиз.
Вилоятимизда хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари сонини ошириш ва фаолият олиб бораётган ўқув марказлар ҳамда янги ташкил этиладиган ўқув марказлари ва IТ паркларига институтнинг хорижий тиллар бўйича тил билиш даражаси камида B2 ёки C1 бўлган талабаларни жалб қилиш орқали 170 нафар талабаларимизни иш билан бандлиги таъминлаймиз.
Репититорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган талабалар сонини ошириш ва уларга институтда дарсдан ташқари ҳолатларда бўш турган аудиториялардан фойдаланиш имкониятини бериш орқали 60 нафар талабани ишга жалб қиламиз.
Бўш хоналарни талабаларга пуллик ўқув курслари ва тўгараклар, жумладан, IТ, спорт, тикувчилик, хизмат кўрсатиш курслари ташкил этишлари учун бериш орқали 40 нафар талабамизни банд қиламиз.
Институтимизнинг ўзидаги бўш иш ўринларини талабалар ҳисобидан тўлдириш: бунда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган барча курсдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар орасидан саралаб олиш орқали 30 нафар талабаларимизни иш билан таъминлаймиз.
Талабаларни стартап ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича лойиҳаларга жалб қилиш, вилоят ҳокимлиги ва туризмни ривожлантириш департаменти ҳамда маданий мерос агентликларига таржимонлик хизматларини кўрсатиш бўйича мавсумий иш билан таъминлаш орқали 47 нафар талабани ишга жойлаштирамиз.
Институтнинг бўш турган ривожлантириш жамғармасидаги маблағларидан талабаларнинг янги тадбиркорлик режасини, стартап ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга қисқа, ўрта ва узоқ муддатли кредитлар бериб, 70 нафар талабамизнинг бандлигига эришамиз.
Бундан ташқари, карьера марказлари, қурилиш отрядлари ва институтда мавжуд боғбонлик, посбонлик, ётоқхона хизматларига жалб қилиш орқали 76 нафар талаба ишли бўлади.
Вилоят бандлик бош бошқармаси ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда институтда бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳамда карьера кунлари ҳар ҳафтада ўтказилмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллар институти хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида минтақада етакчи бўлиб келмоқда.
Негаки, бугунги кунга қадар институтда 100 га яқин нуфузли хорижий олийгоҳлар халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Талабаларимизни иш билан таъминлашда хорижий давлатлар билан ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз. Германия олийгоҳлари ва таълим ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз шулар жумласидандир.
Хусусан, Германиядаги “The Simson Private Academy” ва “Globalconsalt” бандлик фирмалари билан биргаликда немис тили бўйича камида В1 халқаро тил билиш даражасига эга ёш битирувчиларни биринчи навбатда амалиётга юбориш ва сўнгра иш билан таъминлаш бўйича келишиб олинди. Ҳамкорлармиз 3 ой ўқитиб, йўл ҳақи, ётоқ жой, овқатланиш харажатлари ҳамда 1000-1800 евро атрофида ойлик маошини беришни таклиф қилишди, бу бўйича биз амалий ишларни бошлаб юборганмиз.
Жумладан, жорий йилнинг 29 март куни Германиянинг “The Simson Private Academy” агентлиги раҳбарияти, Тюрингия вилояти малакали ишчиларни ёллаш агентлиги ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда битирувчиларни касбий қайта тайёрлаш марказини ташкил этишга келишилди ва бу борада ҳамкорлик меморандумини имзоладик.
Умуман олганда, бу каби режалар келажакда талаба-ёшларнинг мукаммал билим олиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишига замин яратади.
Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар
институти ректори, профессор.