СамДТИ мамлакатда биринчилар қатори халқаро ISO сертификатини олди
Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Юқумли касалликлар – долзарб масалалар, ютуқлар, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда замонавий тиббиёт, жумладан, юқумли касалликлар, паразитар касалликлар, Covid-19 ва ОИВ инфекциясининг муаммолари муҳокама этилди. Конференцияда инфекционистлар, паразитологлар, терапевтлар, педиатрлар, УАШ шифокорлари, бошқа тиббиёт соҳаси вакиллари қатнашди.
Конференция очилишида Словакиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ян Бори Самарқанд давлат тиббиёт институтига халқаро ISO сертификатини топширди.
– Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари орасида биринчилар қатори институтимизнинг халқаро ISO сертификатига эга бўлганидан жудаям мамнунмиз, – дейди СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев. – Бу таълим жараёни халқаро стандартларга мос равишда давом этаётгани, халқаро рейтингларга кириш имкониятимиз ошиб бораётганини ифодалайди. Институтимиз нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам ўз мақомига эга бўлганини англатади.
Тадбир бевосита онлайн тарзда кузатиб борилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, Давлат бош санитария врачи Баҳодир Юсупалиев, Россия Федерал тиббий-биологик агентликнинг "Юқумли касалликлар бўйича болалар илмий-клиник маркази" президенти, академик Юрий Лобзин, Украина Миллий тиббиёт фанлари академияси академиги Михаил Андрейчин, Астрахан давлат тиббиёт университети президенти Халил Галимзянов, АҚШнинг "Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш Марказий Осиё бўйича минтақавий маркази директори Daniel Singer ва бошқалар анжуманнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.