СамДТИ ректори талаба-ёшлар билан онлайн мулоқот ўрнатди

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев институт талаба-ёшлари билан ZООМ дастури орқали онлайн тарзда очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда 450 нафар бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура талабалари ҳамда ректорат, деканат ходимлари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Ректор ўз тақдимотида институтда охирги ойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ва тарбия соҳасида бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида батафсил сўзлади. Карантин шароитига қарамасдан, сидқидилдан меҳнат қилиб, онлайн машғулотларни ташкил этишда, электрон таълим ресурсларини яратишда ҳиссасини қўшиб келаётган маъмурият ва профессор-ўқитувчилар ҳамда фаол талабаларга ўзининг миннатдорчилигини билдирди. Институт раҳбарияти ва талабалар ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш учун яратилган “Таклиф ва шикоятлар” номли онлайн каналларнинг самарали эканлигини алоҳида таъкидлади.

Очиқ ва самимий тарзда ўтган мулоқот давомида талабалар томонидан кўплаб саволлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти ўқув жараёни, семестр якуни ва имтиҳонларнинг ўтказилиши, ётоқхона билан таъминлаш, кам таъминланган талабаларга ёрдам бериш, фаол ва аъло баҳоларга ўқийдиган талабаларни рағбатлантириш, талабаларнинг илмий иш билан шуғулланиши, устоз-шогирд анъаналарини тиклаш ва ривожлантиришга доир бўлди. Шунингдек, қўшни давлатлардан ўқишини кўчираётган талабаларнинг айримларининг ҳужжатлари тўлиқ етиб келмагани ҳам кенг муҳокама қилинди. Бундай талабаларга ректор ўқув йили якунига қадар имконият берди. Жасур Ризаев барча саволларга батафсил жавоб қайтарди, улар бўйича масъуллар ва жавобгарлар тайинланди.

Ректор очиқ мулоқотда янги ўқув йилида тиббий профилактика ва фармация йўналишлари факультетга айлантириш режалаштирилаётгани ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, институтда 2020-2021 ўқув йилига қабул қилинадиган талабалар сони 10 фоизга ошиши кутилаётгани ҳақида ҳам тўхталди.

Одилбек АҲМЕДОВ.