СамДУ профессор-ўқитувчи ва талабалари академик Ботирхон Валихўжаевни эслашди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, атоқли адабиётшунос олим Ботирхон Валихўжаев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий кеча ўтказилди.
Тадбирда адабиётшунос олимлар, алломанинг шогирдлари, филология факультетининг юқори курс талабалари, университет қошида фаолият кўрсатаётган “Шалола” ижодий тўгараги аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда аллома қолдирган бой адабий мероснинг бугунги кун учун аҳамияти, олимнинг истеъдоди, камтаринлиги, одамохунлиги хусусида гап борди.
– Мен устоз Б.Валихўжаев билан кўп йиллар ёнма-ён ишладим, - деди филология фанлари доктори, профессор Эркин Мусурмонов. – У киши биз, шогирдларига нисбатан жуда ғамхўр ва олийжаноб эдилар. Парвона шамга интилгани каби, биз, ёшлар доим у кишининг суҳбатларига талпинардик. Ўша даврда устозни “Самарқанднинг биринчи рақамли зиёлиси” дейишарди. Бундан ташқари, устоз моддий жиҳатдан қийналиб қолган ёшларга иложи борича ёрдам берарди.
- Буюк шоир Ҳазрат Мир Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва тадқиқ қилиш, мумтоз адабиётимиз тарихини оммалаштиришда академик Ботирхон Валихўжаевнинг хизматлари беқиёс, - деди филология фанлари доктори Назмия Муҳиддинова. – Мен ёш олим сифатида у кишининг суҳбатларидан баҳраманд бўлганимдан, адабиётшунослик илми сиру-асрорлари ҳақидаги қимматли мулоҳазаларини тинглаганимдан ғоят бахтиёрман.
Минбарга шоир Ёр Муҳаммад таклиф этилгач, адабий кеча ижодий учрашув, жонли адабий мулоқотга айланиб кетди.
– Мен улуғ аллома Ботурхон домла билан қилган қатор суҳбатларимни ёдга олар эканман, буюклик соддалик ва камтарликда эканига яна бир бор амин бўлдим, - деди Ёр Муҳаммад. – Устоз ниҳоятда содда, камтар, камсуқум, олижаноб, фидойи ва айни пайтда жуда кучли илмий салоҳиятга эга инсон эдилар. Регистон майдони орқасида жойлашган уйидан қарийб 50 йил мобайнида университетга пиёда қатнаганлар. Бир куни у кишидан "Нимага ишга таксида бормайси", деб сўраганимда “Регистонда Ҳазрат Навоийнинг излари бор. Ундан сал нарида улуғ Соҳибқирон Амир Темур мангу қўним топган. Мен уларнинг ёнидан қандай қилиб машинада ўтиб кетаман” деб жавоб бергандилар.
Мунира Абдураҳмонова.