СамТИда замонавий тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро онлайн конференция ўтказилади
Жорий йил 15 май куни Самарқанд Давлат тиббиёт институтида талаба-шифокорлар ва ёш олимлар иштирокида замонавий тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган анъанавий 74-Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.
“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросига мувофиқ ўтказилаётган мазкур анжуман бу йил карантин туфайли ўзига хос тарзда, онлайн шаклда ўтказилади. Қувонарлиси, юртимиз ҳамда хорижий давлатлардан мазкур конференцияда иштирок этиш истагида бўлган жами 550 нафар муаллифдан 900 дан ортиқ илмий тезис ва мақолалар келиб тушган.
Ёш олимлар ва талабаларни илмий-тадқиқот ишларга кенг жалб қилиш, инновацион ишланмаларни соғлиқни сақлаш соҳасида татбиқ қилинишига яқиндан кўмаклашиш ушбу анжуманнинг асосий мақсади ҳисобланади. Унда муҳокама қилинадиган илмий ишларнинг аксарияти экпериментал, клиник, профилактик тиббиёт ҳамда тиббий-биология фанларининг долзарб фундаментал ва амалий масалаларига бағишланган.
Муҳими, мазкур халқаро анжуман МДҲнинг 10 та тиббиёт олий ўқув юртлари вакилларини ягона телекўприк орқали боғлайди. Унда ёш олимлар ва иқтидорли талабалар ўзларининг инновацион ишланмалари ва илмий ютуқларини тақдим этишлари мумкин. Конференциянинг ялпи йиғилиши ва 8 та шўъба йиғилишларида Россия, Жанубий Корея, Белорусь, Қозоғистон, Украина ва Тожикистондан 12 та ва мамлакатимизнинг 6 та тиббиёт олий ўқув юртларидан 150 нафардан зиёд талаба ва ёш олимлар бевосита чиқиш қилиши кутилмоқда.
Илмий-амалий анжуман материаллари Самарқанд давлат тиббиёт институтида чоп этиладиган “Биология ва тиббиёт муаммолари” илмий журналида нашр қилинади.
Анжуманда билдирилган таклиф ва хулосалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, соҳага инновацияларни кенг татбиқ этиш, етук кадрларни тайёрлаш ва ҳалқимизга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада кўтаришга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.