СамВМИ ректори: Ёшлар тажрибасизлик қилар, кўпни кўрган ота-оналарга нима бўляпти? Товламачиларга ишониш мумкинми?

Кейинги пайтлар ТВ, матбуот ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган  бир неча хунук хабарлар бугун олий таълим тизимига алоқадор ҳар бир кишини ўйлантириб қўйиши, аниқроғи, уялтириши табиий. Бу республикамизнинг қайси таълим муассасасига алоқадор бўлишидан қатъий назар, бу маълумотлар барчани бирдек сергак торттириши керак.

“Фалон институтга киритиб қўяман, деб 5000 АҚШ доллари олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан далилий ашёлар билан  ушланди” ёки “Мана бу институтнинг ставкаси 8000 доллар экан”, деган миш-мишлар, хабарлар, гап-сўзлар... Янги ўқув йили бошланиши олдидан ёки қабул жараёнлари давом этаётган пайтда одатда ана шундай хабарлар тарқалади.

Мана, деярли 3 йилдан буён мамлакатимизда қабул жараёнлари мутлақо шаффоф тизимга ўтди. Тестми ёки имтиҳоннинг бошқа турими, жараён видеотасмага муҳрланади, имтиҳон натижалари, жавоблар сақлаб қўйилади ва ҳоказо. Ана шундай шароитда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига, ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, пора олганлар нима ҳам қила олишарди? Замон ўзгарди, одамларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси ва дунёқараши ўсди, ислоҳотлар таълим тизимига ҳам мутлақо янгича ёндашувларни олиб кирди. Аммо нега айримларни ўзгартириб бўлмаяпти? “Ҳожатбарорлар”, фирибгарлар замоннинг ўзгарганини, шароит ва талаблар бошқача бўлганини, ўтмишни қайтариб бўлмаслигини тушуниб етишмаяптими ёки бунга ота-оналар ҳам айбдорми?

Бугунги кун ёшлари, абитуриентларга ишонамиз. Улар ақлли, мақсадлари қатъий, замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган. Улар келгуси ҳаётини ёлғон устига қуришга интилаётганларни англашга балки, ёшлик, тажрибасизлик қилар. Аммо кўпни кўрган, ҳаётий тажрибаси етарли бўлган ота-оналарга нима бўляпти? Товламачиларга ишониш мумкинми?

Айни кунларда Самарқанд ветеринария медицинаси институти қабул жараёнларига 30 нафарга яқин профессор–ўқитувчилар, мутахассислар жалб этилган. Маслаҳат маркази фаолияти ҳам қониқарли йўлга қўйилган. Қабул компанияси бошланишидан олдин биз ҳар бир ўқитувчи, мутасадди, деканлар, кафедра мудирлари, комиссия масъул котиблари билан бу масала хусусида батафсил гаплашиб, келишиб олдик, ҳуқуқий кучга эга ҳужатлар тайёрланди. Коррупция, таниш-билиш, қариндош-уруғчилик ва порахўрликка йўл қўймаслик борасида назорат кучайтирилиши эълон қилинди.

Шу ўринда, фарзандлари абитуриент бўлган ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли ота-оналар, юртдошларим! Кўзингизнинг оқу қораси бўлган, 17-18 йил улғайтириб, катта ҳаёт томон йўллаётган фарзандингиз тақдирини ҳар кимларга ишонманг! Фарзандингизга вақтида билим берган бўлсангиз, у албатта, олий ўқув юрти талабаси бўлади. “Пул кўтариб чопгандан” кўра,  болангизнинг мақсади ва орзулари билан қизиқинг! У қайси соҳага қизиқади, нимага иқтидори бор, келажакда ким бўлмоқчи?

Қинғирликларнинг охири вой, фарзандингизни ғирром йўлга бошламанг, товламачилар ва фирибгарларга ишонманг ва алданиб қолманг!

Бугун катта йўл остонасида турган ёшларга ҳам айтар сўзим бор. Ўқишни орзу қилаётган ўғилларим, қизларим! Сиз, Ўзбекистоннинг эртанги куни, келажагисиз. Келажак ҳаётимиз қандай бўлиши бевосита Сизга боғлиқ. Ўрганишдан, изланишдан тўҳтаманг. Бугун яхши ўқисангиз, эртага албатта талаба бўлишингизга ишонинг. Вақтингизни бекорчи нарсаларга сарфлашдан қочинг ва ҳаётингиздаги энг муҳим қарорни ҳалоллик билан қабул қилинг. “Ўқишга киритишга” ваъда бераётганларнинг чўпчаклари фикру-хаёлингизни ўғирламасин!

Худайназар ЮНУСОВ,

биология фанлари доктори, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори.