Сиёсий шарҳ: Трамп феномени
АҚШнинг Пенсилвания штатида яқинда бўлиб ўтган республикачилар партиясининг митингида собиқ президент Доналд Трампга қарши суиқасд содир этилди. Республикачи номзоднинг омади чопиб, нақд ажалнинг ўқидан омон қолди.
Унга қарата ўқ узган шахс шу штатда яшовчи 20 ёшли Томас Метю Крукс бўлиб, у воқеа бўлиб ўтган жойда АҚШ Махфий хизмати мергани томонидан ўлдирилган. Бахтли тасодиф туфайлигина ўқ Трампнинг бошидан бирор сантиметр наридан ўтиб, қулоғини "ялаб" кетган.
Собиқ президент Дональд Трамп АҚШни тўрт йил бошқариб, ўтган галги сайловда навбатни ноилож Жозеф Байденга бўшатиб берганди. Аммо у мамлакатга қисқа вақт раҳбарлик қилган бўлса-да, америкаликлар учун эсда қоларли президент бўлганди. Ҳатто, у ўша пайтда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан Сингапурда учрашиб, бирмунча ҳеч ким хаёлига сиғдира олмаган воқеани содир этганди. Чиндан ҳам бунга ишониш қийин-у, бироқ АҚШ президентини кореялик диктатор билан қўл сиқишиб кўришгани чинакам ноёб сиёсий воқеа бўлганди. Бир вақтлар, ўтган асрнинг ўрталарида, АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Франклин Рузвельт ва Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилль дунёни фашизм балосидан халос этиш йўлида маккор Сталин билан қўл беришиб ҳамкорлик қилишга, унга ён беришга мажбур бўлган эдилар. Бугун ҳам дунё халқлари боши узра янги бало – вайронакор атом уруши кўланкаси хавф солиб турибди. Доналд Трамп ўша учрашув чоғида буни қайта-қайта такрорлади. Унинг айтишича, ҳозир АҚШ ва Россияда дунёдаги мавжуд атом қуролларининг 90 фоизи тўпланиб қолган. Ушбу даҳшатли ядро ракеталари арзимаган тасодифий бир сабаб билан ҳам ишга тушиб кетиш эҳтимоли кундан-кунга ортиб бораётир. Айниқса, Шимолий Корея ва Эроннинг бу борадаги интилишларини олдини олиш учун Трамп қаттиқ ҳаракат қилган, бу борада у ҳар қандай муросали йўл тутиш тарафдори эканини яширмаган эди. Бунда унга бизнесменларга хос умумий тил топиш, керак бўлса, асосий мақсад йўлида ён бериш, рақиб томоннинг ҳам манфаатларини ҳурмат қилиш сингари кўникмалари ғоят қўл келганди. Умуман олганда, Трампнинг таржимаи ҳоли билан яқиндан танишган киши унинг ишбилармонлигига қойил қолмасдан иложи йўқ. Айтайлик, яхши бир лавозимга одам танлашга тўғри келиб қолди дейлик, аксарият кўпчилик бу борада эски синалган йўлни тутади. Яъни, ўзига садоқатлироқ кишини ёки бўлмаса мўмайроқ пора берган номзодни танлайди. Трамп эса буни ўзига хос ғаройиб усул билан амалга оширган ва ҳам муносиб одам топган, ҳам яхшигина даромад ҳам олган.
Хуллас, 2003 йилда “Эн–Би–Си” телевизион каналида Трамп “Номзод” кўрсатувини ташкил этиб, ўзи унга ижрочи продюссер бўлди. Кўрсатувнинг асосий ғояси шуки, ушбу реалити-шоу иштирокчилари ўз қобилиятларини намойиш этиб, Трамп раҳбарлик қилиб турган компания шохобчаларидан бирида мўмайгина иш ҳақи тўланадиган топ-менежерлик лавозимида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун курашадилар. Синовлардан ўтолмаган иштирокчиларга “Сиз бўшсиз!” дея мурожаат қилинади ва улар ўйиндан чиқиб кетадилар. Кўп ўтмай “Номзод” реалити-шоуси ғоятда машҳур бўлиб кетди. Биринчи йилда ҳар бир кўрсатув учун Трампга 50 минг доллардан 700 минг долларгача гонорар беришди. Иккинчи йилдан бошлаб эса муаллиф ҳар битта шоуси учун 3 миллион доллардан ҳақ ола бошлади. Бу билан у телевидениедаги энг юқори даромад олувчи шоуменга айланди ва айни бир вақтда ўзига энг сара иш бошқарувчиларни танлаб олди. Хўш, қойилмисиз?!
Ҳали бу ҳаммаси эмас. 2007 йилда Трамп “Номзод” кўрсатуви учун Ҳоливуддаги шуҳрат аллеясининг юлдузига сазовор бўлди. “Сиз бўшсиз!” деган жумла Америкада савдо брендига айланиб, Трампга ҳали-ҳануз янги-янги даромадлар келтиришда давом этмоқда.
Унинг қай йўсинда президентлик лавозимига эришганлиги эса алоҳида бир неча мақолага мавзу бўла олади.
Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, оддий тадбиркорликдан иш бошлаган Трамп учун аввал миллионерлик ва миллиардерлик мартабасига, кейинчалик эса президентлик лавозимига эришиш йўли осон кечган эмас. Ҳозиргача уни бу борадаги таъна ва маломатлар изма-из таъқиб этиб келмоқда. Масалан, АҚШда муқаддам бўлиб ўтган президентлик сайловларида Россиянинг аралашуви ҳақидаги иддаолар тинимсиз равишда Трампнинг обрўйига соя солиб турибди. Бунда у икки ўт орасида қолгандек тасаввур пайдо бўлади. Агар Россия аралашувини тан олса, ўзининг президентликка қонуний йўл билан сайланганига шубҳа пайдо қилади. Мабодо буни рад этса, содир бўлган кўпгина воқеаларга кўз юмишга тўғри келади. Ҳақиқатан, Россия президенти Владимир Путин сайловда Трампнинг ғалабасини истаганлигини ва аралашув бўлганлигини яширмаган. АҚШ Федерал разведка бюросида эса кибер-хакерлар томонидан сайлов компьютерларига хуружлар бўлганлиги тўғрисида рад қилиб бўлмайдиган маълумотлар мавжуд. Аммо, хакерларнинг иши чиндан ҳам Россия маъмурлари томонидан ташкил этилганлигини исботлаш қийин. Путин эса бу иддаоларга нисбатан ўз фикрини қатъий қилиб айтди, яъни: “Россия АҚШдаги сайловларга аралашмаган ва бундан буён ҳам аралашмоқчи эмас. Хакерлар масаласига келсак, улар ватанпарварлик кайфиятидаги кишилар бўлиши мумкин. Бироқ бунга ҳукуматнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, президентлик сайловига нисбатан бузғунчилик содир этилган, аммо бу ҳаракатлар сайлов натижаларига нечоғлик таъсир кўрсатгани аниқланмаган. Шубҳасиз, Трамп бу борада ҳам ўзининг бизнесменлик таомилидан келиб чиққанлиги аниқ. Тадбиркорлар, ишбилармонлар доирасида ҳалоллик, лафзда туриш ва тўғрисўзлик каби хислатлар юксак қадрланади. Шу боис бўлса керак, Трамп сайлов олдидан берган ваъдаларининг устидан чиқиш учун изчил ҳаракат қилди ва ҳақли равишда Америкадаги кўпчилик фуқароларнинг ишончига сазовор бўлган эди. Масалан, Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва мамлакатда ишсизликни камайтириш ташаббуслари ҳам аслида Трампга тегишли эди. Аммо у иккинчи галги сайловда бой берганлиги боис унинг режаларини Байден амалга оширди ва катта обрў қозонди. Агар Трампга суиқасд уюштирилмаганида эди Байденнинг кузги сайловларда ютиб чиқиш эҳтимоли катта эди. Бироқ Пенсилванияда узилган ўқ тарози шайинини кескин ўзгартириб юборди. Трампни жабрдийдага айлантириб, иккиланиб юрган электоратни Трамп томонга оғдириб юбориши эҳтимолини кучайтирди. Ҳатто, келгуси президентлик сайловида унинг яна ғолиб чиқиши олдиндан нақд қилиб қўйилмоқда. Бироқ, шуниси ҳам аниқки, бизнес билан сиёсат, бизнесмен билан президент орасида тенглик ишорасини қўйиб бўлмайди. Сиёсат, ўтган асрларда яшаб ўтган бир доҳийнинг таъбири билан айтганда – ифлос иш. Унда ҳалолликдан кўра кўпроқ ҳийлакорлик, айёрлик, маккорлик каби “санъат”ларни ишга солишга тўғри келади. Ушбу усулларни ўзлаштиролмаган ёки ишлатишдан тийилган сиёсатчиларнинг охир-оқибат мувафаққиятсизликка учраганлари ҳақида тарихда мисоллар беҳисоб кўп.
Худойберди Комилов, сиёсий шарҳловчи.