ССВ: 107 нафар бемор соғайди. Бу эса қолган беморларнинг ҳам шифо топишига ишонч уйғотмоқда

Аввал хабар қилганимиздек, коронавирус пандемияси дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда, юртимизда ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун жонкуярлик билан курашмоқда.

Бугун фидойи шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Беморлардан икки нафари Туркиядан, яна бир нафари эса Россиядан Тошкентга чартер рейси билан келишган. Қолган беш нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда, энг кичиги эса 10 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Уларнинг шифо топишида мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси ҳал қилувчи роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Эътиборли жиҳати, мазкур клиникада шу пайтга қадар 56 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 64 нафарга етди.

Ҳар бир шифо топган бемор қувончидан, миннатдорлигидан куч олиб, руҳланиб, бор тажриба ва маҳоратини ишга солишаётган шифокорларимиз қаҳрамонлиги коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг навбатма-навбат соғайишини таъминламоқда.

Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 107 нафар бемор тўлиқ соғайди. Бу эса қолган беморларнинг ҳам шифо топишига ишонч уйғотмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.