Тест синовларидаги коррупция акс этган “Биринчи август” бадиий фильмида Самарқанд театрлари актёрлари роль ижро этди

Режиссёр Абдувоҳид Ғаниевнинг “Биринчи август” фильми премьераси 26 ноябрда бўлиб ўтади. Премьера яқин экан, фильмни кўришга арзийдиган баъзи жиҳатларни қайд этиб ўтамиз:

✔ Картина таълимдаги қинғирликлар, коррупция ҳолатлари очиб берилган илк фильм.

✔ Талабанинг олий таълим муассасаси даргоҳига қўйган илк қадамидаёқ кўз бўямачилик ва адолатсизлик манзарасини кўриши, бунинг оқибатида “қуш уясида кўрганини қилади” қабилида иш тутиши мумкинлиги кўрсатилади.

✔ “Тест синовлари ўйин бўлди” каби гапларни кўп эшитамиз, “паравоз”, “бункер”, “танка” каби иборалар эса анча оммалашган. “Биринчи август” бадиий фильмида ушбу иборалар киновоқеликка кўчади, тест жараёнларининг қай даражада ўйин бўлганлиги ва ўйиннинг тепасида турган одамлар фош қилинади.

✔ Фильмда коррупция аралашмаган сюжет ҳам бор - бу бош қаҳрамонлар Йигитали Мамажонов ва Феруза Юсупова ўртасидаги муҳаббат воқелиги.

✔ Фильмда Йигитали Мамажоновни олий ўқув юртига кириш тестларида "паравоз"лик қилган “тестоман” ролида кўрамиз.

✔ Картинада болаликдан ўргатилган тўғри диний билим, шу билан параллел тарзда чет тилларини ўргатиб бориш ёш авлоднинг келгусида ҳалол, эътиқодли ва дунёқараши кенг бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутиши акс этади.

Кинолойиҳа ижодкорларининг эътирофига кўра, бу фильмда кимнидир ёки қайсидир қатламни айбдор қилиш эмас, балки жамиятдаги шу иллатга бўлган лоқайдлик ҳамда коррупцияга йўл очиб берилган нотўғри механизм ҳақида ҳам фикр юритилади.

Фильм “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси билан “Олов Нур Медиа” киностудияси томонидан суратга олинди. Кинокартинада бош ролларни Йигитали Мамажонов, Феруза Юсупова, Тоҳир Саидов, Райҳон Уласенова, Собир Отажонов, Муяссар Бердиқулова ва эпизодик талқинларни Самарқанд вилояти театрларининг истеъдодли актёрлари ижро этган. Ушбу бадиий  фильмнинг киноижодкорлари иштирокидаги тақдимот Самарқанд шаҳрида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.