Трамп Хитойдаги уйғурларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекди
АҚШ Президенти Доналд Трамп 17 июнь куни Хитойдаги уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекди. Қонун Хитой амалдорларига нисбатан санкциялар жорий этилишини назарда тутади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Шинжон-Уйғур автоном республикасидаги уйғур ва бошқа мусулмон миллатларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаган Хитой амалдорларига нисбатан санкциялар жорий этишга имкон берувчи қонун лойиҳасини ўтган ойда Америка конгрессининг ҳар иккала палатаси қўллаган эди.
Ғарб давлатлари ва турли гуманитар ташкилотлар Хитой ҳукуматини, Шинжон автоном республикасининг маҳаллий аҳолиси ҳисобланган уйғур ва бошқа мусулмон халқлари ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаётганликда айблаб келмоқда.
Бунга жавобан расмий Пекин уйғурлар зарурий дунёвий билимларни олиши ва турли эктремистик ташкилотлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун махсус қайта тарбиялаш масканларига юборилаётганлигини таъкидлаб келмоқда.